eye
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови эркинлик ва қонунийлик принциплари асосида ўтади
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддаси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига мувофиқ жорий йилнинг 9 июль, якшанба куни муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Ушбу сайловга жойларда кўрилган юксак даражадаги тайёргарлик ва сайловни демократик тарзда ташкил этишда мустақил сайлов органларининг қонун устуворлиги принципларига оғишмай риоя қилиши катта аҳамиятга эга бўлди.

Ўзбекистонда халқимиз ҳаётининг фаровонлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилган изчил ва халқчил сиёсат ҳамда янгиланишлар негизида мамлакатимизда энг демократик талаб ва умумэътироф этилган халқаро андозаларга тўлиқ жавоб берадиган, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш кафолатларини, ҳар бир кишининг сайлаш ва сайланиши ҳуқуқини таъминловчи сайлов тизими яратилди. Чунки, демократик ҳуқуқий давлатда сайлов институти халқ ҳокимиятчилигини амалга оширишнинг ва фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этишининг реал механизми ҳисобланади.  

Аввало шуни алоҳида айтиш керакки, бизда Президент сайловининг конституциявий мезон ва принцип, сайлов нормаларига тўлиқ риоя этган ҳолда очиқ ва ошкора, ҳар қандай таъсирлардан холис ва ҳалол, бир сўз билан айтганда, эркин ва адолатли тарзда ўтказишини таъминлаш Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари зиммасига юклатилган.  

Мустақил тараққиётимиз даврида яратилган миллий сайлов тизимимиз энг илғор демократик ғоя ва қоидаларни ўзида мужассам этган. Бунга сайловларимизнинг том маънодаги кўппартиявийлик, сиёсий партия ва номзодлар ўртасидаги тортишувчанлик, ошкоралик, фикрларни эркин билдириш каби хусусиятлари, энг асосийси, ҳар бир сайловчи муносиб деб, ўзи танлаган номзодга онгли равишда овоз бериш имкониятига эга бўлаётганликлари фикримизнинг яна бир далилидир.  

Булар ўз навбатида, Конституциямизнинг 2-моддасидаги “давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади”, 7-моддасининг “халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир” деган энг муҳим конституциявий принципларини сайловлар орқали рўёбга чиқишини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизни модернизация қилиш ва демократик ўзгаришларнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган сайлов тизимимиз – юртимизда тўплаган тажриба асосида сайлов жараёнларини янада демократлаштириш орқали мунтазам такомиллашиб борди.  

Яна бир жиҳат. 2023 йилнинг энг муҳим ва сиёсий аҳамиятга молик воқеаси 30 апрель куни бўлиб ўтган референдумда Ўзбекистон халқи ўзининг янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилгани бўлди. Халқимизнинг умумхалқ референдумидаги фаол иштироки унинг сиёсий онги, ҳуқуқий маданиятини яққол намоён этди. Бу эса дунё жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилишига сабаб бўлди. Энг муҳими, халқаро кузатувчилар яна бир карра, Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш йўлидан ҳеч қачон ортга қайтмаслигига ишонч ҳосил қилишди.  

Таъкидлаш жоиз, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этиш ва тараққиётимизнинг янги даврига ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.  

Янги Конституцияда “инсон – жамият – давлат” деган тамойил устуворлик касб этди. Бу билан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мажбурияти этиб белгиланди. Инсон ҳуқуқларининг таъминланиши кафолатлари янада кучайтирилди. Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир, деган принцип янада мустаҳкамланди. 

Биз юқорида қайд этган мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги иккинчи муҳим воқеа сифатида айнан 2023 йил 9 июль бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кунини эътироф этиш жоиз. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайлов ҳуқуқига эга барча фуқаролар ўзининг онгли танлови орқали Ўзбекистон халқининг манфаатлари, шаъни ва қадр-қимматини мамлакат ичида ва халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган энг муносиб номзодга овоз бериш орқали юртимиз келажагини белгилаб беради. Бу, ўз навбатида, муддатидан илгари Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида жуда катта масъулиятни зиммамизга олган ҳолда ўз қароримизни қабул қилишимизни англатади.  

Бунинг учун тенглик ва адолат принциплари асосида ўтган сайловолди ташвиқоти жараёнлари барча президентликка номзодларнинг сайловчиларга тақдим этган ғояларини янада чуқурроқ мушоҳада этиш, энг муҳими, таққослаш негизида ўзига муносиб шахсни танлашга шароит яратди.  

Шундай экан, ушбу сиёсий жараёнларда барчамизнинг фаол бўлишимиз, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият ҳамда сиёсий қарашларимизни янада ошириб, Ватанимиз равнақи ва истиқболи учун бефарқ бўлмасдан, сайлов куни ўз хоҳиш-иродамиз ва фаол фуқаролик позициямизни билдиришимиз – Янги Ўзбекистон қуриш мақсадимиз, келажак ва ривожланиш йўлини эркин танлашда улкан аҳамият касб этади.  

 

Абдуманноб Раҳимов,  

Акмал Раҳмонов,  

юридик фанлари номзодлари

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш