eye
МДҲ Парламентлараро Aссамблеяси халқаро кузатувчилар гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида 2023 йил 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) Бош котиби Д.Кобицкий бошчилигидаги гуруҳ аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, судьялар ва Конституциявий суд девони раҳбари ва экспертлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловларига тайёргарлик кўриш ва бу сайловлар мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён эканлиги ҳақида батафсил маълумот берди. Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётган жараёнга тўлиқ тайёргарлик кўрилгани, муддатидан илгари овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтгани ҳамда бу жараён нафақат юртимизда, балки хорижда яшаётган фуқароларимиз учун ҳам ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берди. 

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Гафуров Конституциявий суд фаолияти ҳақида учрашув иштирокчиларига маълумот бериб, конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини ошириш, Конституциявий суднинг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган қоидаларни ўз ичига олган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун  2021 йил 27 апрелда қабул қилинганлиги, қонун билан конституциявий шикоят институти жорий этилганлиги тўғрисида гапириб берди. Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда кенг қамровли демократик ислоҳотлар, инсон ҳуқуқлари ва қонунчиликни эркинлаштириш ғояларига мувофиқ келиши ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга ҳам конституциявий шикоят институти киритилгани, шунингдек Конституциявий суд  референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беришига оид янги норма киритилгани тўғрисида маълумот берди. 

МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси бош котиби Д.Кобицкий 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловларига тайёргарликни юқори даражада баҳолаб, ушбу ислоҳотлар айнан халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб ўтказилаётганлигига урғу берди. Ўзбекистондаги сайловларда ўзига хос жиҳат бу –  сайловчилар иштироки фаол экани, яъни уларнинг мазкур жараёнларга бефарқ эмаслигини таъкидлаб ўтди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш