eye
Муносиб номзодга овоз бериш – муҳим танлов
Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа – 2023 йил 9 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, давлат бошқарувида президентлик институти дастлаб АҚШда жорий қилинган бўлса-да, ҳозирга келиб дунёнинг 150 га яқин мамлакатида давлат бошқаруви тизимининг муҳим ажралмас қисмига айланган. Европа, Осиё, Африка, Шимолий ва Жанубий Американинг қатор мамлакатларида давлатни бошқаришнинг энг мақбул йўли деб, айнан президентлик институти эътироф этилади. Бундан хулоса қилиб айтганда, Янги Ўзбекистонда давлат бошқарувида энг тўғри ва демократик йўл бўлган президентлик институти янада муҳим аҳамият касб этиб бормоқда.  

Маълумки, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг XIX бобида Ўзбекистон Республикаси Президентининг конституциявий ҳуқуқий мақоми белгиланган. Жумладан, Конституциянинг 105-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Президенти давлат бошлиғидир ва давлат ҳокимияти органларининг келишилган ҳолда фаолият юритишини ҳамда ҳамкорлигини таъминлайди” дейилади.  

Мазкур конституциявий норма Ўзбекистон Республикаси Президентини олий мансабдор шахс сифатида давлат бошқаруви тизимида, унинг ички ва ташқи сиёсатида қанчалик муҳим аҳамият касб этишини яққол кўрсатади. Шунинг учун ҳам дастлабки даврларда Президентга фақат давлат бошлиғи ва олий мақомга эга бўлган мансабдор шахс сифатида қаралган бўлса, вақт ўтиши билан бундай қарашлардан воз кечилди. Президент нафақат давлат бошлиғи, балки миллат етакчиси, халқ ва давлат манфаатларини халқаро майдонда ифода этувчи олий мақомли мансабдор шахсдир.  

Айнан шу нуқтаи назардан олганда, жорий йилнинг 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқимиз фақатгина мамлакат Президенти лавозимига сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган номзодларнинг энг муносибигагина эмас, балки Ўзбекистон халқининг манфаатларини, шаънини, қадр-қимматини мамлакат ичида ва халқаро майдонда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўла оладиган Президент номзодига овоз беришлари зарур.  

Бундан ташқари, Асосий қонунимизнинг 109-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларига, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этилишининг, Ўзбекистон Республикаси суверенитети, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг кафилидир, миллий-давлат тузилиши масалаларига доир қарорларни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирлар кўради, мамлакат ичкарисида ва халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси номидан иш кўради, музокаралар олиб боради ҳамда Ўзбекистон Республикасининг шартнома ва битимларини имзолайди, республика томонидан тузилган шартномаларга, битимларга ва унинг қабул қилинган мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди....  

Президентнинг конституциявий ваколатлари жами йигирма бештадан иборат. Муҳим ваколатларни бажариш кишидан масъулият талаб этади. Шундай экан, 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида сайловчилар катта масъулиятни зиммасига олган ҳолда ўзлари ишонч билдирган муносиб номзодга овоз беришлари лозим.  

А.РАҲИМОВ,  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суд судьяси.

ЎзА

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш