eye
Қозоғистон Республикаси халқаро кузатувчилар гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида 2023 йил 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун келган Қозоғистон Республикаси Ўзбек этномаданий маркази раиси Ф.Каратаев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, судья А.Рахманов ва девон ходимлари иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларига Ўзбекистонда 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови мамлакатимиз ҳаётида муҳим сиёсий жараён  ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, Сайлов кодекси асосида ташкил этилаётган жараёнга тўлиқ тайёргарлик кўрилгани, муддатидан илгари овоз бериш жараёнлари бўлиб ўтгани ҳамда бу жараён нафақат юртимизда, балки хорижда яшаётган фуқароларимиз учун ҳам ташкил этилгани ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, фуқаролар мазкур сайлов жараёнларига бефарқ эмаслиги, Президент сайлови мамлакатимиз ривожланишининг келгуси босқичларига муҳим туртки экани ҳақида айтиб ўтди.     

М.Абдусаломов Конституциявий суд фаолияти ҳақида учрашув иштирокчиларига маълумот бериб, конституциявий суд ишларини юритишни демократлаштириш, конституциявий назорат самарадорлигини ошириш, хусусан, янги таҳрирдаги Конституцияга ҳам конституциявий шикоят институти киритилгани ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг конституциявий асослари мустаҳкамлангани ҳақида маълумот берди. 

Қозоғистон Республикаси Ўзбек этномаданий маркази раиси Ф.Каратаев 2023 йил 9 июль куни бўлиб ўтадиган Президент сайловларига тайёргарликни юқори даражада баҳолаб, ушбу ислоҳотлар айнан халқнинг манфаатларидан келиб чиқиб ўтказилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.  Ф.Каратаев ҳозирги кунда Қозоғистон Республикасида 800 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилиши ҳамда қозоқ ва ўзбек халқлари доимо бир-бирлари билан яқин ва яхши қўшничилик алоқаларини ўрнатганликлари ва бундай учрашувлар икки қардош давлатларнинг ўзаро дўстлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилишини таъкидлаб ўтди. 

Учрашув сўнггида Қозоғистон Республикаси делегацияси аъзолари ўзаро самимий суҳбат учун миннатдорлик айтиб,  келгусида Ўзбекистон ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги барча йўналишлардаги алоқалар тобора ривожланиши ҳамда ўзбек этномаданий маркази ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар.

  

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш