eye
СУД ТИЗИМИНИ РАҚАМЛАШТИРИШДА РАҚАМЛИ ТРАНСФОРМАЦИЯНИНГ ЎРНИ

2023 йил 10-11 август кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди катта эксперти Шохрух Мажидов Индонезия Республикаси Жакарта шаҳрида Индонезия Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтган “Демократия, рақамли трансформация ва суд мустақиллиги” мавзусидаги VI Халқаро ўқув курсида иштирок этди. 

Тадбирда 50 дан зиёд хорижий давлатларнинг вакиллари, жумладан Бангладеш, Корея, Индонезия, Малайзия, Малдив, Мянма, Мўғулистон, Озарбайжон, Покистон, Россия, Таиланд, Туркия, Қозоғистон конституциявий назорат органлари раҳбарлари, судьялари, бош котиблари, ходимлари ва ҳуқуқ соҳасидаги олимлар қатнашди. 

Ўқув курсида Ш.Мажидов “Ўзбекистонда суд ҳокимияти фаолиятини рақамлаштириш: тажриба ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида маъруза қилди. Маърузада мамлакатимизда умумий юрисдикция судлари фаолиятини рақамлаштириш соҳасида амалга оширилган ишлар ва Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Халқаро ўқув курси иштирокчилари глобал ўзгаришлар даврида конституцивий назорат органларининг вазифалари, конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда конституцивий назорат органларининг ўрни, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда суд фаолиятини рақамлаштиришнинг муҳимлиги, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини оширишда конституциявий назорат органларининг таъсири ҳақида фикр алмашдилар.

Ўқув курси доирасида Индонезия, Корея, Россия ва Қозоғистон вакиллари билан суд тизимини рақамлаштириш соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш ҳамда ўзаро тажриба алмашиш тўғрисида фикр алмашилди.

Мазкур халқаро ўқув курси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суднинг рақамлаштириш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштириш, бу борадаги хорижий тажрибани тадбиқ этиш асносида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ахборот-коммуникация технологиялари орқали конституциявий одил судловга эришишини енгиллаштиришга муҳим аҳамият касб этади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш