eye
Янги таҳрирдаги Конституция — адолат мезони, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати
Дунё давлатлари тажрибасидан маълумки, ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлини танлар экан, халқини рози қилиш ва фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган энг муҳим мақсад-вазифаларни мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб олади.

Халқимиз улуғ мақсадлар йўлида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ишлаб чиқди ва жорий йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда умумхалқ овоз бериш йўли билан қабул қилди. 

Муболағасиз айтиш мумкин, Янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар, халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, очиқ демократик давлат барпо этиш ва давлат қурилишида устувор бўлган инсон-жамият-давлат тамойили конституциявий ислоҳотларнинг бош мезони бўлди.

Буюк саркарда Соҳибқирон Амир Темур бутун умри давомида “Куч — адолатда” деган ҳикматга риоя этгани барчамизга маълум. 

Бугун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт эканлигини таъкидламоқда. Бу билан “Куч адолатда” деган тамойил Янги Ўзбекистоннинг давлат бошқаруви соҳасида устувор тамойилга эга эканлигини кўрсатади.

Тарихдан маълум, адолат — инсониятни энг қадимги идеаларидан бири ҳисобланади. Адолат бор жойда жамият пойдевори мустаҳкам, давлат қудратли бўлади. Фуқароларнинг давлатга бўлган ишончи ортади, мамлакат тараққий топади. 

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Биз истаган адолат қачон қарор топади — қачонки, мамлакатда қонун устуворлиги таъминланса...

Шунинг учун ҳам мамлакат Конституциясининг 15-моддасида “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади” деб белгилаб қўйилган.

Шунингдек, "Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида"ги қонуннинг 8-моддасида “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг сўзсиз устуворлиги тан олиниши, Конституция олий юридик кучга эга ва бутун ҳудудда қўлланилиши, қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституция асосида ва уни ижро этиш учун қабул қилиниши ҳамда унинг нормалари ва принципларига зид бўлиши мумкин эмас”лиги мустаҳкамланган.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Конституцияга мувофиқлигини аниқлайди. Бу билан Конституция устуворлигини таъминлашда масъулиятли вазифани бажаради, деб айтишга асос бўлади.

Шу ўринда бир масалага эътиборингизни қаратсак. Ўзбекистон Республикасининг аксарият қонунларида битта трафарет норма кўп қўлланилади. Яъни, “Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг ушбу қонунида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади”.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари амалда Ўзбекистон Республикаси қонунларидан устунлиги эътироф этилади. Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси Ўзбекистон Республикаси қонунидан устун бўлса-ю, бироқ мамлакат Конституциясига зид бўлса-чи? 

Бир нарсани аниқ айтиш мумкин, халқаро шартнома мамлакат Конституциясида белгиланган қоидага зид ёки ундан устун бўлиши мумкин эмас. Балки, аксинча, халқаро шартнома Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ бўлиши керак.

Шунинг учун ҳам "Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида"ги қонуннинг 2-моддасида халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қоидаларига мувофиқ тузилиши ва бажарилиши белгиланган.

Бугунги Янги Ўзбекистон дунёнинг барча давлатлари билан тенг ва манфаатли ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Яқин беш йилда мамлакатимизга жуда катта миқдордаги АҚШ доллари ҳисобида чет эл инвестицияларини жалб этиш мақсад қилинган. Ўзбекистон иқтисодий тараққиётини таъминлаш учун халқаро инвестиция жуда муҳим. Бироқ, катта миқдордаги инвестицияларни тузиш ҳақидаги халқаро шартномалар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига номувофиқ тарзда тузилмаслиги керак.

Шунинг учун ҳам янги таҳрирда қабул қилинган мамлакат Конституциясида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига “Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш” ваколати берилди.

Бундан хулоса шуки, Конституциявий суд томонидан — Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига номувофиқ деб топилса, у ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ушбу халқаро шартномани имзоламайди.

Конституциявий суд халқаро шартномани Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш баробарида давлат суверенитети принципини (иқтисодий мустақиллигини) таъминлашга хизмат қилади.

Маълумки, дунё Конституциявий судлари тажрибасида Конституциявий шикоят институти мавжуд. Ушбу институт Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятига ҳам жорий этилган.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 133-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилишга ҳақли.

Назаримизда, ушбу моддани янада ривожлантиришга фурсат етди. Келгусида агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, гарчанд, муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилмаган бўлса ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқ келмаса, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлишлари керак. 

Албатта бу таклиф шунчаки илгари сурилаётгани йўқ. Чунки жорий йилнинг 30 апрелида қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 15-моддаси иккинчи қисмида “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этади” деган норма белгиланди. Бу эса, конституциявий шикоят институтини янада кенгайтириш заруратини кун тартибига олиб чиқмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ушбу масалани ҳуқуқшунос олимлар, мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида ўрганмоқда. Қолаверса, ҳуқуқшунос олимлар, мутахассислар ушбу масалага оид илмий-назарий қарашлари ва тажрибалар билан фикрлашсалар, айни муддао бўлар эди.

Таниқли инглиз файласуфи Вольтер шундай ёзади: "Эркинлик фақат қонунларга тобе бўлишдадир”. 

Демак, инсонлар эркин бўлиши учун қонунга тобе бўлишлари керак. Инсонлар эса фақат адолатли қонунларга тобе бўлишни истайди. Бунинг учун Конституциянинг устунлиги таъминланиши талаб этилади.

Дунё мамлакатларининг кўпчилигида мавжуд бўлган Конституциявий судлар, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ҳам роли айнан мана шунда. 

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий судининг судьяси,

юридик фанлар номзоди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш