eye
Конституциявий суд янгиликлари
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ва тартиби муҳокама қилинди

2023 йилнинг 25 августида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди.  

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддасида Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган 14 та давлат органлари ва мансабдор шахслари белгиланган. Улар Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган субъектлар мақомига эга бўлиб, фаолияти давомида қонун ҳужжатлари ва уларнинг Конституцияга мувофиқлиги юзасидан маълум  масалага дуч келган ҳолларда мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.  

Шунингдек, Конституциявий судга Конституция ёки қонун нормаларига шарҳ беришни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган давлат органлари ва мансабдор шахслар  эга. 

Янгиланган Конституцияда Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатнинг бутун ҳудудида олий юридик кучга эга, тўғридан-тўғри амал қилади ва ягона ҳуқуқий маконнинг асосини ташкил этишига оид норма белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ваколатлари белгиланган 133-моддага янги норма сифатида конституциявий шикоят институтининг киритилиши бу институтни конституциявий мақом олишига сабаб бўлди. 

Мазкур институтнинг моҳияти шундаки – фуқаролар ва юридик шахсларга  конституциявий ҳуқуқлари бузилганлиги юзасидан шикоят билан Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди. Бунда агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Конституцияга мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқларига оид норма “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 27-моддаси иккинчи қисмида мустаҳкамланган.

Юқоридаги асосларга кўра, шунингдек Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти бевосита фуқаролар мурожаатлари билан боғлиқ экани ҳамда Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлигидан келиб чиқиб, мазкур тадбир ҳамкорликда ташкил этилди.     

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси  ўринбосари А.Ғафуров, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ф.Эшматовалар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўналишида ҳар икки орган фаолияти нуқтаи назаридан фикрлар билдирилиб, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ва тартиби муҳокама қилинди.

     

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш