eye
Фуқаролар конституциявий ҳуқуқи ҳимояси йўлида
Бугун Янги Ўзбекистон стратегияси халқаро жамоатчилик томонидан кенг эътироф этилаётгани барчамиз учун қувонарли, албатта. Назаримизда бунинг энг муҳим икки сабаби бор.

Биринчидан, мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Инсон қадри учун” тамойили ҳаётга тадбиқ этилмоқда, фуқароларимиз конституциявий ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган.

Иккинчидан, Ўзбекистон очиқ ва прагматик фаол ташқи сиёсат юритмоқда.

Сир эмас, давлатимиз раҳбари томонидан минтақа мамлакатлари билан яқин дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатини янада кучайтириш асосий мақсад этиб белгиланган.

Жумладан, умумий тарих, маданий ва маънавий қадриятга эга Ўзбекистон ва Қозоғистон халқлари ўртасидаги алоқалар янги босқичга чиқди.

Ўтган йил Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг республикамизга давлат ташрифи натижасида икки томонлама муносабат сифат жихатдан янги – стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтарилди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳақиқий ҳамкорлар сифатида халқаро сиёсатда бир-бирини қўллаб-қувватлаётгани ҳам кўп давлатлар эътиборидан четда қолмаяпти. Мамлакатларимизнинг БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Туркий давлатлар ташкилоти сингари халқаро тузилмалар доирасида самарали ҳамкорлик қилаётгани минтақа миқёсида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Давлат раҳбарларининг ўзаро муносабати ва яқин ҳамкорлиги, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ўртасидаги яқин ҳамкорликка ҳам пойдевор бўлмоқда, десак муболаға бўлмайди.

Таъкидлаш жоиз, ҳар икки давлат конституциявий назорат органлари муносабатини янада ривожлантиришдан кўзланган асосий мақсад, аввало, давлат суверенитети тамойилига асосланган ҳолда, Конституциянинг устуворлиги ва бевосита ижросини таъминлаш, инсон ва фуқаролар ҳуқуқи, эркинлигини ҳимоя қилишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан иборат.

Шунингдек, конституциявий назоратни самарали амалга оширишга кўмаклашиш, қўшма дастур, тадбирларни амалга ошириш ва ишлаб чиқиш, ҳар икки давлатнинг амалдаги конституциявий қонунчилигини ўрганиш, келишув асосида амалиётни ўрганиш орқали Конституциявий судлар ҳамкорлигини чуқурлаштириш учун асос яратишга ҳисса қўшишдир.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Қозоғистон Конституциявий суди таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси А.Раҳимов, катта эксперти Ш.Исақулов бошчилигидаги делегация жорий йил 23-26 август кунлари Астана шаҳрида бўлиб қайтди.

Хизмат сафари давомида вакилларимиз “Конституциянинг устунлиги – давлат суверенитети, барқарор ривожланиш, қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот, инсон ҳуқуқлари ҳимояси асосидир” мавзусидаги Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси биринчи Конгрессида иштирок этди.

Мазкур ассосацияга аъзо давлатлар конституциявий назорат институтлари вакиллари, шунингдек Қозоғистон парламенти юқори ва қуйи палатаси аъзолари, ҳуқуқ соҳаси олимлари – жами 60 дан зиёд делегат қатнашган ушбу халқаро тадбир онлайн ва офлайн шаклда ўтди.

1997 йил ташкил топган, илгари “Янги демократия мамлакатлари конституциявий назорат органлари конференцияси” деб номланган Евросиё конституциявий назорат органлари ассоциацияси умумэътироф этилган конституциявий қадриятларни тарғиб қилиш, Конституция устунлигини таъминлаш бўйича доимий мулоқот ва тажриба алмашиш мақсадида фаолият олиб боради. Тузилмага Aрманистон, Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон конституциявий назорат органлари аъзо.

Бугунги кунда Қозоғистон ассоциация Конгрессига раислик қилмоқда.

Тадбирнинг расмий очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси Элвира Азимова мезбон ташкилотнинг фаолияти, келажак режалари ҳақида маълумот берди.

Конгрессда мамлакатимиз делегацияси аъзолари “Конституция устуворлигини таъминлашда Конституциявий суднинг роли” ҳақидаги маъруза билан иштирок этиб, тадбир иштирокчиларига жорий йил 30 апрель куни бўлиб ўтган Референдумда халқимиз янги таҳрирдаги Конституциясини қабул қилгани, Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, халқни рози қилиш, инсон қадрини улуғлаш, очиқ демократик давлат барпо этиш ва давлат қурилишида инсон – жамият – давлат тамойили ислоҳотларнинг бош мезони экани, шунингдек, “Куч – адолатда” шиори давлат бошқаруви соҳасида устувор тамойилга айлангани, Президент Шавкат Мирзиёев “...халқимиз ҳамма нарсадан устун қўядиган адолатни ҳаётимизда том маънода қарор топтириш энг асосий вазифамизга айланиши шарт” деган тамойилга қатъий риоя этиб, давлатни бошқараётгани хусусида сўзлаб бердилар.

Анжуманнинг биз учун яна бир қувонарли жиҳати шунда бўлдики, барча иштирокчилар юртимизаги конституциявий ўзгаришларни қўллаб-қувватлаши, 2023 йил 9 июлда бўлиб ўтган Президент сайловини диққат билан кузатгани, келгусида ислоҳотлар мамлакатдаги демократик жараённи янада юқори поғонага олиб чиқишига ишонишларини мамнуният билан эътироф этишди.

Томонлар барқарор ривожланишнинг ҳуқуқий асосини такомиллаштириш, конституциявий адолат ва қонун устуворлигига инновацион ёндашув, конституциявий назорат институтини ривожлантириш, зарур бўлганда мавжуд муаммоларни биргаликда ўрганиш, илғор тажрибаларни ўзаро алмашишга келишиб олишди.

Ўзбекистонликлар учун Қозоғистон Конституциявий суди фаолияти билан яқиндан танишиш айни муддао бўлди. Зеро, Президентимиз Конституциявий суд олдига муҳим вазифа қилиб қўйган, инсон ва фуқаролар конституциявий ҳуқуқини муносиб ҳимоя қилишга қаратилган сиёсатни ҳаётга татбиқ этишда халқаро амалиётни ўрганиш ҳар доимгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўз навбатида қозоғистонлик ҳамкорлар жорий қилинган конституциявий назорат институтига оид янгиликларнинг афзаллиги, ютуқлар ва камчиликлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Мамлакатимиз делегациясининг Қозоғистон Конституциявий суди фаолиятини ўрганиш якунига бағишланган ахбороти судьялар ва девон ходимлари иштирокида атрофлича муҳокама қилинди.

Қайд этилдики, Қозоғистон Республикасининг Конституциявий судида фуқароларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, яъни конституциявий шикоят институти бўйича ижобий тажриба тўпланган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан келгусида Германия, Венгрия, Туркия ва қўшни республикалар Конституциявий судлари фаолиятини яқиндан ўрганиш режалаштирилган.

Бундан кўзланган асосий мақсад Янги Ўзбекистон стратегиясида илгари сурилган инсон ҳуқуқи ва эркинлигига оид халқаро стандартларни таъминлашда, жисмоний ва юридик шахслар конституциявий шикоят институтини ҳаётга татбиқ этишда Конституциявий суднинг роли ва ўрнини ошириш, мамлакатда конституциявий назорат институтини янада такомиллаштириш орқали инсон ҳуқуқи ва эркинлигини муносиб ҳимоя қилишда Конституциявий суд олдига қўйилган вазифаларни самарали бажарилишини таъминлашдир.

Маълумки, Конституциявий суднинг халқаро ҳамкорлик соҳасида олиб бораётган фаолияти келгусида Конституциявий суднинг ҳуқуқий асосини янада такомиллаштиришга қаратилган. Пировардида Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойилини ҳаётга кенг жорий қилиш, энг муҳими инсон ва фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқи ва эркинлигини ҳимоя қилишда Конституциявий суднинг ролини янада ошириш мақсад қилинган.

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди судьяси,

Шербек ИСАҚУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди

халқаро алоқалар бўйича 

катта эксперти

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш