eye
ҚЎМИТА МАЖЛИСИДА КОНСТИТУЦИЯВИЙ ҚОНУНГА ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ МАСАЛАСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун муҳокама қилинди. Қўмита мажлисида Конституциявий суд раисининг ўринбосари А.Б.Ғафуров, катта эксперт Ш.Мажидовлар иштирок этди. 

Янги таҳрирдаги Конституцияда кўплаб янги нормалар, аввал қонунчиликда акс этмаган масалаларга ечим берувчи қоидалар киритилгани унинг аҳамияти ва қийматини белгилаш баробарида амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришни, яъни Конституция нормаларига мувофиқлаштиришни талаб этади.

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун  ҳам янгиланган Конституцияга киритилган қоидалардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқилган.

Мазкур Қонун билан Конституциявий суд ваколатларини кенгайтириш, жумладан Ўзбекистон Республикаси референдумига чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ва бу борада иш юритиш тартиби белгиланмоқда. 

Шунингдек, Конституциявий суд фақат ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга эканлиги ҳамда Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланишини белгиловчи нормалар мустаҳкамланмоқда. 

Сенаторларнинг фикрича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши Конституция олий юридик кучга эгалиги, Конституция ва қонунларнинг сўзсиз устуворлиги ҳамда уларнинг бир хилда амалда бўлишини таъминлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар натижасида мазкур масала юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш