eye
Ўзбекистон Конституциясида давлат ҳокимияти бўлиниш принципининг конституциявий-ҳуқуқий асослари
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-72-сонли Фармойиши ижросини таъминлаш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 31 йиллиги муносабати билан 2023 йилнинг 21 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Давлат ҳокимияти бўлиниш принципининг конституциявий-ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбатида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчи профессорлари, талабалар ва магистрлар, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари, Девони ходимлари шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси  М.Абдусаломов кириш сўзи билан очди. 2023 йил 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлатчилик, ижтимоий-сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ соҳаларини барқарор ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.

 Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Ғафуров “Давлат ҳокимияти бўлиниш принципини таъминлашда суд ҳокимиятининг роли” мавзусида, Тошкент давлат юридик университети Конституциявий ҳуқуқ кафедраси доценти. ю.ф.н. С.Муратаев “Давлат ҳокимияти бўлиниш принципининг конституциявий-ҳуқуқий асослари” мавзусида, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси, ю.ф.н. А.Рахимов “Давлат ҳокимияти тизимида парламент ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабатлари” мавзуларида маърузачилар тингланди.

Маърузаларда янги таҳрирдаги Конституция мазмун-моҳияти ва унинг устувор йўналишлари, сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти, суд ҳокимиятининг роли ҳамда давлат ҳокимияти тизимида парламент ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабатлари ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суд тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг асосий жиҳатлари, мазмуни ва аҳамияти ҳақида,  унинг конституциявий одил судловни таъминлашдаги ўрни ҳақида фикрлар билдирди. 

Давра суҳбатида Тошкент давлат юридик университети ўқитувчи профессорлари, талабалари ва магистратура тингловчилари билан Конституциявий суд судъялари ўртасида Конституция нормалари мазмун-моҳияти юзасидан савол-жавоблар ва мунозаралар бўлиб ўтди.

     

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш