eye
Олам ободлиги караму адолатдадир

Янги Ўзбекистон дунёга юз тутмоқда. Дунё - Ўзбекистонни эътироф этмоқда. Бунинг замирида сўнгги йилларда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан олиб борилаётган инсон қадри учун тамоийли муҳим роль ўйнамоқда десак, асло муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, ислоҳотларнинг муҳим йўналиши бўлган, суд-ҳуқуқ соҳасини янада такомиллаштирилиши замирида фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, энг асосийси инсон қадрини улуғлаш мақсади ётади. Қолаверса, бу инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни муҳим шартидир.

Маълумки, инсоният пайдо бўлгандан буён ўзининг турли тараққиёт босқичларини босиб ўтган. Уларнинг энг муҳими ва тарихий аҳамияти, хусусияти, географик ўрнига кўра “Шарқ уйғониш даври” ва “Ғарб уйғониш даври”ни кўрсатиш мумкин. Булар “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс” даври деб ҳам аталади.

Давлатимиз раҳбари бир неча йиллар аввал “Янги Ўзбекистон” газетасига берган интервьюсида ушбу икки буюк уйғониш даврини, яъни, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанс”га Ўзбекистон замини бешик бўлгани ва бу – жаҳон илм-фанида ўз исботини топган ва тан олинган тарихий ҳақиқат” эканлигини фахр туйғуси билан таъкилаб ўтган эдилар.

Бугун, мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш ҳамда ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш, қолаверса, дунёда содир бўлаётган турли сиёсий-иқтисодий бўҳронларга қарамасдан республикамизда иқтисодий ислоҳотларни барқарор ўсиши, шунингдек, жонажон Ватанимизни халқаро майдонда тобора ортиб бораётган нуфузи Ўзбекистон заминини Учинчи Ренессанга ҳам том маънода бешик бўлишига, ишончни ортирмоқда.

Ўтган 2023 йилда мамлакатимизнинг яқин тарихида илк маротаба умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди. Бу билан мамлакатимизда ижтимоий давлат барпо этишга мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор яратилди.

Янги таҳрирдаги Конституция Янги Ўзбекистон стратегиясини амалга оширишнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб, миллий давлатчилик тараққиётининг тарихий муҳим босқичида давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб берди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил
8 майдаги Фармони Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини сўзсиз ва тўлиқ амалга ошириш, унда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлашга оид вазифалар  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг олдига ҳам келгусидаги фаолиятини янада такомиллаштириш масаласини кун тартибига олиб чиқди.

Ўтган қисқа даврда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ижросини таъминлаш мақсадида фуқаролар ва юридик шахсларнинг ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиши ва ушбу турдаги мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини такомиллаштириш йўналишида амалий ишлар амалга оширилди.

Хусусан, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, 2023 йил 15 июлда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Қонун лойиҳасида “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунини янги таҳрирдаги Конституциянинг 132 ва 133-моддаларига мувофиқлаштириш назарда тутилган. Мазкур қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 25 июлда қабул қилинди, Сенат томонидан 24 ноябрда маъқулланди ва Қонун тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Шунингдек, ўтган йилнинг 5 декабрь куни Конституциявий суд тарихида илк маротаба Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонунга мувофиқ Конституциявий суднинг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахбороти очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. 

Таҳлиллардан шуни кўриш мумкинки, Конституциявий суд томонидан 2022–2023 йилларда 119 та қонун ва 1384 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар бўйича мурожаатлар ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилган. Ўрганишлар давомида Конституциявий суд биринчи навбатда ҳуқуқий нормаларни қўллашнинг конституциявий-ҳуқуқий масалаларига эътибор қаратган. Шу муносабат билан Конституциявий суд аҳоли мурожаатларида кўтарилган конституциявий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратишни лозим деб ҳисоблади:

– бола ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари кузатилаётганлигини инобатга олиб, болаларни турли кўринишдаги зўравонликлардан ҳимоя қилиш, бу борада ота-оналар, таълим муассасалари, бошқа мутасадди идоралар масъулиятини ошириш, тегишли қонунчилик ҳужжатларини янада такомиллаштириш мақсадга мувофиқлиги;

- мулк ҳуқуқи кафолатларига риоя этмаслик ҳолатлари сезиларли камайган бўлса-да, ҳали бу соҳада муаммолар сақланиб қолаётганлиги маҳаллий давлат ҳокимиятининг ушбу масалаларда ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг мулк ҳуқуқи бузилиши ҳолатига мутлақо тоқатсиз муносабатини шакллантириш, бу борада профилактик чораларни кучайтириш зарурлиги тавсия этилди.

Юқоридагилар билан бирга баъзи ҳудудларда тадбиркор ўз маҳсулотини вилоят ҳудудидан эркин олиб чиқиб кетишда тўсқинликларга учраши ҳолатларини эътиборга олиб, барча масъуллардан товар ва хизматларнинг эркин ҳаракатланиши бўйича конституциявий кафолатларга сўзсиз риоя этиш зарурлиги кўрсатилди.

Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар, хусусан Конституциявий суд фаолиятидаги ижобий ўзгаришлар сўнгги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги изчил ислоҳотлар натижаси деб, айтиш мумкин. Келгусида ҳам Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди янги таҳрирдаги Конституцияда белгиланган мамлакатимизда ижтимоий давлат қуриш, ижтимоий адолат ва бирдамлик принципларини жорий этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асосларни мустаҳкамлашда янада фаол иштирок этишига шубҳа йўқ.

Биласизми, буюк мутаффаккир олим Абу Мансур ал-Мотурудийнинг – “Олам ободлигин караму адолатда деб бил”, деган пурҳикмат сўзлари бор. Бугун, Ўзбекистон Республикаси Президенти олиб бораётган давлат сиёсати Имом Мотурудийнинг ушбу сўзларига ҳамоҳанг десам, муболаға бўлмайди. Қолаверса, давлатимиз раҳбари йил бошида бир гапни айтдилар: “Янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этиш”имиз зарур. Бу чақириқ ҳар бир фуқарога, ҳар биримизга, қаерда, қандай вазифада бўлмайлик, улкан масъулият юклайди.

 

АБДУМАННОБ РАХИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси 

Конституциявий суди судьяси,

ЎзА

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш