eye
Туркия Республикаси Омбудсмани билан учрашув бўлиб ўтди

2024 йил 23 февраль куни Туркия Республикаси Омбудсмани Шереф Малкоч бошчилигидаги делегация билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, раис ўринбосари А.Ғафуров, судья А.Рахманов ва Девон ходимлари иштирок этди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов меҳмонларга мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқалар жуда яқинлиги, тарихимиз, тилимиз, динимиз ва мақсадларимиз бирлиги, бу дўстлик давлат раҳбарлари даражасида намоён бўлаётганини таъкидлади.       

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Туркия Республикаси Конституциявий суди билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳозирги кунда, Ўзбекистон ва Туркия Конституциявий судлари ўртасида имзоланган дўстлик ва ҳамкорлик Меморандуми доирасида қатор ишларни амалга ошириб келмоқда. 

М.Абдусаломов мамлакатимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, Конституциявий суд раиси мехмонларга 2023 йил 13 март куни бўлиб ўтган Конституциявий суд мажлиси тўғрисида батафсил маълумот берди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2023 йил 10 мартда қабул қилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида”ги қарорини Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлаш тўғрисидаги иш юзасидан қабул қилинган қарорнинг мазмуни ва моҳиятига тўхталиб ўтди.

Янгиланган Конституцияда Конституциявий суд ваколатларига оид нормаларга тўхталиб, ундаги янгиликларга эътибор қаратди. Жумладан, Конституциявий судга референдумга чиқарилаётган масалаларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида хулоса бериш ваколати юклатилгани, конституциявий шикоят институти конституциявий норма даражасида мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳақида гапириб ўтди. 

Туркия Республикаси Омбудсмани Шереф Малкоч Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан аввал ҳам дўстона учрашувлар, фикр алмашишлар бўлиб ўтгани, бу эса инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш йўналишидаги фаолиятда ўзаро фойдали эканлиги, ҳамкорлик алоқаларини янада кучайтиришимиз лозимлигини таъкидлади.

Ш.Малкоч Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги тараққиёт босқичларига ўз фикрини билдириб, сиёсий барқарор мамлакатда ижтимоий-иқтисодий ривожланиш юксалиши орқали фаровонликка эришилиши, бу Ўзбекистон мисолида кўзга ташланаётганини таъкидлади. Ўзбекистоннинг ривожланиши қўшни мамлакатларга ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда, минтақа ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда, деб таъкидлади.  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Туркия Республикаси  Омбудсмани институти билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш ҳақида келишиб олдилар.

 

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш