eye
“Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди

2024 йил 30 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида “Янги Ўзбекистон Конституцияси: амалга оширилган ишлар ва устувор вазифалар” мавзусида илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати, Парламент тадқиқотлари институти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда депутатлар, сенаторлар, сиёсий партия фракциялари раҳбарлари, Конституциявий суд судьялари, илмий-тадқиқот муассасалари ходимлари, олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов Конференцияни кириш сўзи билан очар экан, 2023 йили 30 апрелда бўлиб ўтган умумхалқ референдумида халқимиз ўзининг юксак сиёсий онги, ҳуқуқий маданияти ва дунёқарашини намоён этиб, янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилганини, Президентимиз конституциявий ислоҳотларнинг ташаббускори бўлганини алоҳида қайд этди.

Айтиш керакки, Бош қомусимиз миллий давлатчилик тараққиётининг ҳозирги босқичида жамият ва давлатни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, Янги Ўзбекистоннинг стратегик мақсадларини рўёбга чиқаришнинг сиёсий-ҳуқуқий асосларини яратиб берди.  

Янги таҳрирдаги Конституция билан Ўзбекистонда янги ижтимоий-сиёсий муҳит шаклланди, давлат ўзига улкан ижтимоий-иқтисодий мажбуриятларни олди, ижтимоий давлат сифатида эълон қилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмлари татбиқ этилди. Давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг самарали янги модели жорий қилинди. 

Конституциямизда муайян норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинганлиги ёки қабул қилинмаганлигидан қатъий назар, Конституция қоидаларининг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш орқали демократия, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш механизмлари мустаҳкамланди.

Атроф-муҳитга оид, соғлиқни сақлаш, гендер тенглиги, Интернетдан фойдаланиш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлиги, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантириш, давлат хизматларидан фойдаланишдаги тенглик  Конституция даражасида мустаҳкамланди. Ўз навбатида, давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ бўлган қоидалар сони уч баробардан зиёд кўпайди.

Конференцияда қайд этилганидек, ўтган даврда миллий қонунчилик базасини ташкил этувчи 30 мингдан ортиқ қонун ва қонуности ҳужжатлари тўлиқ хатловдан ўтказилди. Ҳуқуқий таъсир чораларини мутаносиблик принципига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши кўзда тутилди.  

Илмий-амалий конференцияда янги таҳрирдаги Конституциянинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Шу билан бирга, Конституцияни изчил амалга ошириш бўйича устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судяси А.Рахмонов маъруза билан иштирок этди.  

Судья А.Рахмонов янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистон – ҳуқуқий давлат, деб белгиланиши улкан аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Жумладан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади, дея эълон қилинди. Унда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баравардан ортганлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари нафақат қонунларимизнинг, балки ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгиланди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.  

Мамлакатимиз тараққиёти, эртанги куни қандай бўлиши, аҳоли фаровонлиги, яшаш даражасини ошиши янги таҳрирдаги Конституцияга  қанчалик таянишимиз, уни ижтимоий-ҳуқуқий имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимизга, нормаларини чуқур ўрганишимиз негизида унинг талаб ва принципларини бевосита қўллаш ҳамда риоя қилишимизга кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Конституциянинг устунлигини таъминлаш механизмларини тадқиқ қилиш, амалдаги қонунчиликка Конституция норма ва принципларини янада тўлиқ сингдириб бориш, барча фуқароларда Конституцияга ҳурмат, унинг қоидаларига оғишмай риоя қилиш маданиятини шакллантириш масалаларига эътибор қаратиш Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади”.

Шунингдек, анжуманда Конституция нормаларининг мазмуни ҳар бир давлат хизматчисининг кундалик фаолиятида, инсонлар ҳаётида аниқ акс этиши зарурлиги қайд этилди. Мазкур жараёнда фуқаролик жамияти институтларининг иштирокини кенгайтиришга келишиб олинди ҳамда аниқ таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш