eye
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Элчи Антти Карттунен (Antti Karttunen) билан учрашув бўлиб ўтди

2024 йил 24 май куни бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, Конституциявий суд судьялари ва экспертлари иштирок этди.   

Конституциявий суд раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларини  Конституциявий суд фаолияти билан таништириб, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг асосий қоидалари шунингдек, Қонунда белгиланган фуқаролар ва юридик шахслар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби тўғрисида батафсил маълумот берди. Конституциявий шикоят институтининг жорий этилиши мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими такомиллашувига ва конституциявий одил судловни ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди. Қонун билан Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги роли кенгайтирилганига урғу бериб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ, Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқи берилганлиги таъкидланди.

Суҳбат давомида, Конституциявий суд ҳамда ЕХҲТ билан ҳамкорликдаги 2023-2024 йилларда “Ўзбекистон Республикасида конституциявий шикоят институтини такомиллаштиришга кўмаклашиш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.

Хусусан, 2024 йил 27-29 май кунлари ЕХҲТ билан ҳамкорликда Конституциявий суд ходимлари учун “Конституциявий одил судловни таъминлаш. Конституциявий суд фаолиятининг долзарб масалалари ва устувор йўналишлари” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилиши билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилди. 

Элчи Антти Карттунен Конституциявий суд ва ЕХҲТ ўртасида амалга оширилаётган Лойиҳа юзасидан ижобий фикр билдириб, келгусида ўзаро хамкорликни янада ривожлантириш бўйича барча имкониятлар мавжудлигини таъкидлади.   

Учрашув сўнгида Элчи Антти Карттунен ўзаро самимий суҳбат учун миннатдорлик билдириб, келгусида Конституциявий суд билан 2025-2026 йилларга мўлжалланган “Йўл харитаси” доирасида ҳамкорликни давом эттиришдан манфаатдор эканлигини маълум қилди. Учрашув самимий ва дўстона вазиятда ўтди.  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш