eye
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси VI Конгрессида иштирок этмоқда

Конституциявий суди раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов бошчилигидаги делегация 17-21 сентябрь Таиланд Қироллигининг Банкок шаҳрида бўлиб ўтаётган Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясининг (ОКСЭИ) “Конституциявий одил судлов ва барқарор жамиятни ривожлантиришда Конституциявий судлар ва эквивалент институтларнинг ўрни” мавзусидаги VI Конгрессида иштирок этмоқда. Конгрес ишида 18 зиёд давлатнинг делегация аъзолари, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашмоқда.

Халқаро конгресс кун тартибида иштирокчилари ўртасидаги ўзаро муносабатлар, ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилиш ҳамда уни келгусида янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.

Ташриф доирасида Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияси томонидан бир қатор муҳим тадбирлар назарда тутилган. Жумладан:

Ўзбекистонда кейинги йилларда конституциявий одил судлов соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида халқаро анжуман иштирокчилари учун тақдимот ўтказиш;

Янги Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси мазмун-моҳияти, шунингдек, конституциявий одил судловни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида анжуман иштирокчиларига батафсил ахборот бериш;

Таиланд Қироллиги Конституциявий суди ва бир қатор давлатларнинг Конституциявий суди раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиш, Таиланд Конституциявий судининг фаолияти, ташкилий тузилмаси, конституциявий одил судловни амалга ошириш соҳасидаги тажрибаси билан яқиндан танишиш каби тадбирлар режалаштирилган.

Конституциявий назорат органлари вакиллари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар Конституциявий судлар фаолиятида Конституцияни талқин қилиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, халқаро ҳуқуқ нормаларини суд амалиётида қўллаш, конституция норма ва принципларини рўёбга чиқариш механизмлари ҳамда бу соҳадаги муаммолар ҳақида фикр алмашинади.

Шунингдек, 2025-2027 йиллар давомида Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик қилиш навбати  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтказилиши билан боғлиқ ташкилий масалалар муҳокама этилади.

           Конгресс ўз ишини давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш