eye
Судьялар олий мактаби билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил этилди

2024 йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий  суди ва Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби билан ҳамкорликда давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Давра суҳбати Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 17 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-53-сон Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ўттиз икки йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш, Асосий қонунимизда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғоялар атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция — эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар доирасида ташкил этилди.  

Мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан одил судловни таъминлаш ва адолатни қарор топтиришга қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган судьялар таркибини шакллантириш, судьяликка номзодларни тайёрлаш ва амалдаги судьялар малакасини оширишга ихтисослашган алоҳида ўқув муассасаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий мактаби кенг қамровли фаолиятини олиб бормоқда.  

Конституциявий суд судьялари тингловчилар билан Конституция  байрами арафасида учрашиб, Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Конституцияси мазмун-моҳияти, конституциявий ислоҳотлар бош ғояси, конституциявий янгиликлар, Ўзбекистон Республикаси суд тизими, Конституциявий суд фаолияти йўналишлари,  конституциявий одил судловни таъминлаш, судьялик масъулияти ҳақида маърузалар билан иштирок этдилар.  

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов учрашув иштирокчиларига Янгиланган Конституциянинг мамлакатимизда халқчил давлат яратишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари сифатидаги улкан аҳамияти, миллий давлатчилик ривожининг, давлат ва жамиятни янада ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида белгиланган устувор йўналишлари ҳақида гапириб берди. 

Конституциявий суд ва Судьялар олий мактаби ўртасидаги бундай амалий тарздаги учрашувлар доимий равишда ташкил этилиб, бу каби тадбирлар тингловчилар олган назарий билимларини бевосита амалий учрашувларда мустаҳкамлаши, конституциявий одил судловга оид билимларни янада бойитишга хизмат қилади.  

Тадбирда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият ҳаётини модернизация қилиш ва мамлакатда конституциявий қонунийлик муҳитини янада мустаҳкамлаш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлгани, Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларни яратгани қайд этилди. Суд ҳужжатларини тайёрлашда Конституцияни тўғридан-тўғри қўллашга оид ҳамда қонунларни қўллаш жараёни юзасидан Конституциявий суд судьялари томонидан батафсил тушунтиришлар берилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш