2025 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмларининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Мажлисда Олий Мажлис Сенати, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Олий суд, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази, Савдо-саноат палатаси, Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби, Адвокатлар палатаси ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашдилар.
Олий суд томонидан тақдим қилинган маълумотга кўра, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб, 2023 йил ва 2024 йилнинг 9 ойи давомида судларга киритилган даъво аризалар (аризалар) юзасидан кўрилган ишлар бўйича давлат божи ундирилишига оид суд амалиёти умумлаштирилиб, таҳлил қилинганида икки хил амалиёт шаклланганлиги аниқланган.
Судлар томонидан бундай икки хил амалиётнинг шаклланишига “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмларидаги Палатага оид нормаларни турлича талқин этилиши ва зиддиятли қўлланилиши сабаб бўлган.
Олий суд “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 8, 9, 10 - моддаларининг иккинчи қисми турлича талқин этилиши ва зиддиятли тарзда қўлланилишига барҳам бериш мақсадида, мазкур нормаларига шарҳ беришни сўраб Конституциявий судга мурожаат қилган.
Суд мажлисида Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси, Бош прокуратура, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази вакиллари ҳамда Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари масалага оид ўз фикрларини билдирдилар.
Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ва унга илова қилинган ҳужжатларни ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, суд мажлисида иштирок этган тараф вакилларининг фикрларини эшитиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш ҳақида қарор қабул қилди.
Конституциявий суд қарори “Халқ сўзи” газетаси, “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.