eye
Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий масалалари муҳокама қилинмоқда

     2025 йил 17–18 апрель кунлари Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти билан ҳамкорликда ташкил этилган “Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

    Тадбирда Олий Мажлис депутатлари ва сенаторлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари, вазирлик ва идоралар, илмий-тадқиқот институтлари ва олий ўқув юртлари раҳбарлари шунингдек, Буюк Британия, Словения, Франция, Польша, Япония, Хитой, Туркия, Қозоғистон ва Тожикистон каби 9 мамлакатдан давлат арбоблари, экспертлар, олимлар,  Венеция комиссияси ва GIZ каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этмоқдалар.

    Халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилишидан мақсад  – янгиланган Конституция шароитида парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш, шунингдек, маҳаллий ва хорижий экспертлар ўртасида фикр алмашишдир.

    Конференция 2023 йилда Конституциянинг янги таҳрири қабул қилинганидан кейин амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлар доирасида ўтказилмоқда. Вакиллик ҳокимияти органларини шакллантириш ва фаолият юритишга бўлган ёндашувларни қайта кўриб чиқиш асосий йўналишлардан бири бўлиб, унда қонунчилик фаолияти, парламент назорати, ижро этувчи ва вакиллик ҳокимияти органлари ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтларининг роли кенг муҳокама қилиниши назарда тутилган.

    Халқаро конференциянинг иши олтита сессия доирасида бўлиб ўтмоқда, хусусан уларнинг ҳар бири вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг асосий йўналишлари, халқ ҳокимияти асосларини мустаҳкамлаш шароитида вакиллик ҳокимияти органларининг янги конституциявий қиёфаси, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини модернизация қилиш ва самарадорлигини оширишнинг асосий устуворликлари масалалари муҳокама қилинмоқда.

    Халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини давом эттирмоқда.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш