eye
СУДЬЯЛАР МАКТАБГА ТАШРИФ БУЮРДИ

      Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги 70-умумтаълим мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, юридик фанлар номзоди, доцент, суд фахрийси Мирбабаев Бахтиёр Шамсутдинович меҳнат фаолияти ва босиб ўтган умр йўлига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Унда Конституциявий суд судьялари ва ходимлари, Судьялар олий кенгаши судьялари ҳамда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.   

 

         Суд фахрийси Б.Ш.Мирбабаевнинг ҳамкасблари, синфдошлари унинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти, инсоний фазилатлари, босиб ўтган меҳнат йўли ҳақида гапириб бердилар. Яхши билим олиш, изланиш ортидан ҳаётда ўз ўрнини топиш, орзуларига эришиш, оиласи, маҳалласи, ўқиган мактаби фахрига айланиш инсон ҳаётидаги энг катта мақсадлардан бири эканлиги таъкидланди.   

      Бахтиёр Мирбабаевнинг ҳамкасблари унинг Тошкент давлат юридик институтидаги педагоглик фаолияти, Адлия вазири ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари, раиси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси каби масъулиятли лавозимларда олиб борган фаолияти тўғрисида сўзлаб бердилар. Унинг конституциявий одил судлов тизимини такомиллаштиришга қўшган салмоқли ҳиссасини эътироф этдилар.

      Сўнги йилларда Судьялар олий кенгаши томонидан суд тизимида катта обрў-эътиборга эга бўлган суд фахрийларининг касбий фаолияти, ҳаёт йўли ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар чоп этиб келинмоқда. Суд фахрийси Б.Мирбобоев ҳақида “Одиллик ва оддийлик саодати” номли китоб чоп этилган. Мазкур китоб учрашувда мактаб ўқувчиларига тақдим этилди.

      Тадбирда мактаб ўқувчилари ҳам бир қанча бадиий чиқишлар билан иштирок этиб, Ватан ҳақида, устозлар ҳақида шеърлар ўқилди.

    Тадбир якунида Б.Мирбобоев мактаб ўқувчиларига ўз миннатдорлигини билдириб, илм йўлидан бориш, доимо изланишда бўлиш, ўз устида ишлаш ҳақида ўгитлар берди. Мактаб фонди учун бадиий адабиётлар ва спорт анжомлари совға қилинди. Мактаб боғида ўқитувчилар ва ўқувчилар билан бирга эсдалик дарахтини экишди.  

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш