2025 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Тashkent International University юриспруденция йўналиши талабалари билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари К.Комилов, А.Рахимов ва К.Давлетова ҳамда университетнинг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди. Конституциявий суд судьялари томонидан талабаларга “Конституциявий суд ваколатлари ва судьясининг мақоми”, “Конституциявий суднинг бошқа давлат органлари билан ўзаро алоқалари” ҳамда “Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби” мавзуларида маърузалар ўқилди.
Маърузалар мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Конституциявий суднинг ваколатлари, конституциявий одил судловни амалга ошириш жараёнлари, конституциявий шикоят институти, фуқаролар ва юридик шахслар томонидан Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқи ва талаблари ҳақида фикрлар билдирилди.
Учрашув самимий мулоқот шаклида ўтди, келгуси фаолиятда ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлашда назарий фанлар билан бирга амалий дарс жараёнларини уйғун ҳолда олиб бориш мақсадга мувофиқ эканлиги ҳақида келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди