eye
Ўзбекистон делегацияси Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциациясининг халқаро Симпозиуми ва Кенгаши йиғилишида иштирок этди

2025 йил 23-26 июнь кунлари Таиланд Қироллигининг Бангкок шаҳрида  Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциациясининг Кенгаши йиғилиши ҳамда “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясининг роли” мавзусидаги халқаро Симпозиум бўлиб ўтди.  

Симпозиум ишида Ўзбекистон Конституциявий суди раиси ўринбосари  А.Гафуров “Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришга оид масалалар” мавзусида маъруза қилди. Ўзбекистонда 2023 йилдаги конституциявий ислоҳот, умумхалқ референдуми орқали Конституцияга инсон ҳуқуқлари, жумладан, атроф-муҳит, шахсий дахлсизлик ва ахборот ҳуқуқларига доир
50 дан ортиқ моддаларнинг қўшилгани инсон ҳуқуқлари кафолатларини мустаҳкамлади. Шунингдек, Конституциявий суднинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги муҳим ролини, ваколатларини кенгайтирди ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий ташкилотларига бевосита Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқини берди. Конституциявий шикоят  институтининг киритилиши инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлашга кўмаклашишда муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистонда демократияни мустаҳкамлаш, конституциявий суд тизимини такомиллаштириш, очиқ ва  адолатли ҳуқуқ тизимини яратиш йўлидаги муҳим вазифа эканлиги ҳақида  анжуман иштирокчиларига батафсил маълумот берди. 

Шунингдек, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциацияси аъзолари Кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Кенгаш йиғилишида Ассоциацияга аъзолик масалалари ҳамда Ассоциация раислигини 2025-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши масаласи кўриб чиқилди. Мазкур масала юзасидан А.Гафуров сўз олиб, Ўзбекистон Конституциявий суди раисликни олишга ҳамда барча ташкилий-ҳуқуқий чораларни кўришга тайёр эканлигини билдирди.   

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш