2025 йил 16 июль, Боку шаҳри
Озарбайжон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 30 йил тўлиши муносабати билан Боку шаҳрида “Конституциявий одил судлов орқали Конституциянинг устуворлигини таъминлашнинг замонавий тенденциялари” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Конференцияда 11 дан ортиқ давлатларнинг конституциявий одил судлов органлари, халқаро ташкилотлар ва академик доиралар вакиллари иштирок этди.
Конституциявий одил судловнинг глобал ривожланиш тамойиллари, Конституция устуворлигини таъминлаш механизмлари, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида маърузалар тингланди.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси Мирза-Улуғбек Абдусаломов раҳбарлигидаги делегация иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўз маърузасида мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ҳамда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциянинг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Анжуман иштирокчиларига мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, Конституциянинг тўғридан-тўғри амал қилиши ва судлар мустақиллигини таъминлаш, конституциявий одил судловни такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил маълумот берди.
Конференция якунларига кўра, иштирокчи давлатлар ўртасида конституциявий одил судлов соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда Конституциянинг устуворлигини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди