2025 йил 25-28 август кунлари Конституциявий судининг судьяси К. Давлетова ва катта эксперти Ш.Исакуловлар Корея Республикасининг Сеул шаҳрида бўлиб ўтган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг “Шахснинг дахлсизлик ҳуқуқи” мавзусидаги 5-халқаро симпозиумда иштирок этди.
Симпозиум тўртта сессиядан иборат бўлиб, ҳар бир сессия алоҳида мавзулар асосида олиб борилди.
Симпозиумда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига аъзо 17 давлатдан конституциявий судлар вакиллари иштирок этди. Хусусан, тадбирда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркия, Россия, Бангладеш, Таиланд, Филиппин, Мианма, Ҳиндистон, Покистон, Корея, Малайзия, Малдив ва Монголия каби давлатлар вакилларидан иборат 50 нафардан зиёд киши иштирок этди.
Халқаро симпозиум иштирокчилари бугунги кунда дунёда бўлаётган глобал ўзгаришлар даврида шахс дахлсизлигини муҳофаза қилишда конституцивий назорат органларининг ўрни, конституцивий назорат органларининг вазифалари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда конституциявий назорат органларининг таъсири ҳақида фикр алмашдилар.
Халқаро симпозиумнинг биринчи сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси К.Давлетова “Ўзбекистонда шахс дахлсизлигини таъминлаш” мавзусида маъруза қилди.
Маърузада Ўзбекистонда 2023 йилда амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар натижасида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани, Конституцияда шахснинг дахлсизлик ҳуқуқини кафолатловчи нормалар янада мустаҳкаланганлиги, уларнинг ҳуқуқий аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида шахс дахлсизлиги давлат томонидан кафолатланган энг олий ҳуқуқлардан бири сифатида белгилаб қўйилганлиги, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлиги ва у қонун билан муҳофаза қилиниши ҳамда янги таҳрирдаги Конституцияда ўлим жазоси бутунлай тақиқланганлиги ҳақида гапириб ўтилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида, ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга эканлиги, ҳеч ким қонунга асосланмаган ҳолда ҳибсга олиниши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши, қамоқда сақланиши ёки унинг озодлиги бошқача тарзда чекланиши мумкин эмаслиги, ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилиши, шахс суднинг қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шартлиги белгилаб қўйилганлиги, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, сукут сақлаш ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилганлиги ҳақида маълумот берилди.
Мамлакатимизда инсоннинг шахсий дахлсизлиги ҳуқуқи – бу нафақат конституциявий норма, балки демократик жамиятда инсоннинг эркин ва хавфсиз ҳаёт кечиришининг асосий кафолати эканлиги ҳақида ҳам гапириб ўтилди.
Мамлакатимизда шахснинг дахлсизлиги ҳуқуқини ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан тартибга солиниши ҳамда шахснинг дахлсизлиги ҳуқуқини таъминлашда замонавий технологиялар, хусусан рақамлаштириш жараёнлари орқали шахсий дахлсизликни ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий ва технологик пойдевор шакилланаётгани ҳақида гапириб ўтилди.
Маърузада берилган маълумотлар халқаро симпозиум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Малайзия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Таиланд давлатларининг вакиллари ўз чиқишларида Ўзбекистонда шахс дахлсизлигини муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ижобий фикр билдирди.
Делегация аъзолари Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари Ассоциациясининг Котибияти биносига ташриф буюриб, Ассоциациянинг иш фаолияти ҳамда Ассоциация томонидан нашр қилинган адабиётлар билан таништирилди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди