eye
Ўзбекистон делегацияси Қозоғистон Конституциявий суди томонидан ташкил этилган халқаро илмий-амалий конференцияда иштирок этди

   Қозоғистон Республикасининг Конституциявий суди таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси ўринбосари А.Гафуров ва эксперт С.Азимов 2025 йил 27-30 август кунлари Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Конституциявий ҳуқуқнинг ўзига хос жиҳатлари, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик” мавзусидаги халқаро конференцияда иштирок этди.

   2025 йил 28 август куни халқаро конференция иштирокчилари –  хорижий давлатларнинг конституциявий назорат органлари раҳбарлари, судьялари, бош котиблари, девон ходимлари, ҳуқуқ соҳасидаги олимлар ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари иштирокида халқаро конференция ўз ишини бошлади.

   Халқаро конференцияда Ўзбекистон, Арманистон, Тожикистон, ТуркПА, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи Суди ҳамда МДҲ Иқтисодий Судининг вакилларининг маърузалари тингланди.

    Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Гафуров “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятини такомиллаштириш масалалари” мавзусида маъруза қилди. Маърузада Ўзбекистон Республикаси амалга оширилган конституциявий ислоҳотлар ҳақида батафсил ахборот берилди.

   Шунингдек, мамлакатда 2023 йилнинг 30 апрель куни бўлиб ўтган умумхалқ референдумида янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар, шунингдек Конституцияда илк бор белгиланган конституциявий шикоят институтининг аҳамияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан илгари сурилган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясининг Қонун устуворлиги ва конституциявий қонунийликни таъминлаш ҳамда инсон қадрини ушбу жараённинг бош мезони сифатида белгилаш мақсадига алоҳида урғу берилди.

   “Конституциявий ҳуқуқнинг ўзига хос жиҳатлари, бирдамлик ва ҳамжиҳатлик” мавзусидаги халқаро конференция ўз ишини 3 та сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирди.

   Мазкур тадбирда иштирок Конституциявий суднинг конституциявий одил судлов соҳасидаги фаолияти самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил судловга эришишда илғор хорижий тажрибани Ўзбекистон амалиётига татбиқ қилишга хизмат қилади.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш