Қозоғистон Республикасининг Конституциявий суди томонидан ташкил этилган тадбирлар доирасида 2025 йилнинг 29 август куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қ.Токаев иштирокида Қозоғистон Конституциясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали мажлис бўлиб ўтди.
Тадбирда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати А.Саидов сўзга чиқди. А.Саидов Марказий Осиё эндиликда тарихнинг бир четида эмас, балки ўз стратегик кун тартибини шакллантираётган, жадал ривожланаётган минтақага айланиб бораётганига эътибор қаратиб, юқори даражадаги ўзаро ишонч ва қўшма иқтисодий ташаббуслар минтақада барқарор ривожланиш учун янги имкониятлар яратганини таъкидлади.
А.Саидов ўз маърузасида минтақадаги конституциявий ислоҳотларнинг ўзига хос хусусиятларидан яна бири – Конституция ва қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилиш барча учун бирдек муҳим фундаментал қадрият ҳисобланишига эътибор қаратди.
2025 йил 29 август куни Қозоғистон ва Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судлари вакилларининг икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда Қозоғистон Конституциявий суди раиси, судьялар ва Девон ходимлари иштирок этди.
Учрашувда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлашда конституциявий назорат институтининг ўрни, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболларига оид кенг кўламли масалалар муҳокама қилинди. Конституциявий одил судлов соҳасида давлатлараро ҳамкорликни кенгайтириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида тажриба алмашиш ва фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар доирасида қонун устуворлиги асосларини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, хорижий давлатларнинг тегишли институтлари билан халқаро ҳамкорликни йўлга қўйишга устувор аҳамият қаратилаётганини таъкидланди.
Ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди ўртасида икки томонлама муносабатлар изчил ривожланиб бораётгани, қўшма тадбирлар ўтказилаётгани, ҳуқуқий ахборот ва тажриба алмашиш йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди.
Козоғистон Республикаси Конституциявий судининг раиси Э.Азимова Ўзбекистонда Конституциявий суднинг изчил ривожланиб бораётганини юқори баҳолаб, икки мамлакат конституциявий назорат институтини такомиллаштириш мақсадида ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидлади.
Шунингдек, Козоғистон Конституциявий судининг раиси Э.Азимова жорий йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси (ААСС)нинг Кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида Евроосиё конституциявий назорат органлари ассоциациясининг навбатдаги Конгрессини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорликда ўтказишда таклифини илгари сурди.
Учрашув якунида конструктив мулоқотни давом эттириш, ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқаро стандартларга мувофиқ конституциявий назоратни ривожлантиришга қаратилган қўшма тадбирларни амалга оширишдан манфаатдор эканлиги билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди