eye
Ўзбекистон Конституциявий суди судьяси Қозоғистон Конституциясининг 30 йиллиги тадбирида иштирок этди

   Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси Э.Азимованинг таклифига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг судьяси А.Рахманов 2025 йил 12 сентябрь куни Қозоғистон Республикасининг Остона шаҳрида Конституциянинг
30 йиллиги муносабати билан конституциявий одил судловга бағишланган «Ҳуқуқ орқали тинчлик ва келажак учун» мавзусидаги халқаро форумда иштирок этди.

   Ушбу форумда 15 давлатдан ташриф буюрган конституциявий назорат органларининг раҳбарлари, судьялар, бош котиблар, ҳуқуқ соҳасидаги нуфузли олимлар, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар. 

   Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси А.Рахманов «Замонавий конституциявий назорат инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳуқуқий-тартибот барқарорлигини таъминлашнинг самарали механизми сифатида» мавзусида маъруза қилди.

   У ўз маърузасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрири, 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ референдумида қабул қилинган конституциявий ислоҳотлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига оид нормалар ҳамда илк бор киритилган конституциявий одил судлов институтлари ҳақида батафсил маълумот берди. Шу билан бирга, давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев томонидан илгари сурилган
2022–2026 йилларга мўлжалланган «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» ҳақида сўз юритиб, ундаги қонун устуворлиги, конституциявий қонунийлик ва инсон қадри тамойилларига урғу берди.

   Форумда Ўзбекистондан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ф.Ф.Эшматова, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори, Олий Мажлис депутати А.Саидов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти бош илмий ходими Г.Р.Маликова ҳам маърузалар билан иштирок этиб, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар, демократик янгиланишлар ва Ўзбекистон–Қозоғистон дўстона муносабатлари минтақа барқарорлиги ва тараққиёти учун хизмат қилаётганини таъкидладилар.

   «Ҳуқуқ орқали тинчлик ва келажак учун» мавзуидаги халқаро форум 3 та сессияда давом этди. 2025 йил 13 сентябрь куни барча делегациялар иштирокида Остона шаҳридаги «Конституция аллеяси»да дарахт экиш маросими бўлиб ўтди. Бу маросим — Конституциянинг ҳаётбахш қудрати ва экологик масъулият рамзи сифатида ўзига хос маънавий аҳамият касб этди.

   Форум доирасида Қозоғистон Республикаси Конституциявий суди раиси Э.Азимова билан учрашув ўтказилиб, икки мамлакат конституциявий судлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси, қонун устуворлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиётида тажриба алмашиш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама этилди.  

   Мазкур форум – янги таҳрирдаги Конституцияни амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш, конституциявий одил судловнинг самарадорлигини ошириш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқий ҳимояси кафолатларини мустаҳкамлаш ва илғор хорижий тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш учун муҳим сиёсий-ҳуқуқий платформа сифатида хизмат қилади.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш