2025 йил 20 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-308-сонли Қарори имзоланди.
Мазкур Қарор мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, таълим ташкилотларида ўзбек тилини ўқитиш тизимини такомиллаштириш, унинг софлигини сақлаш ва мунтазам бойитиб бориш, замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш, халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини кенгайтиришга қаратилган.
Қарорнинг асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланди:
- мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча соҳаларида давлат тили имкониятларидан тўлиқ ва самарали фойдаланишга эришиш;
- таълим ташкилотларида давлат тилини ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг илм-фан тили сифатидаги нуфузини ошириш;
- давлат тилининг софлигини сақлаш ва унинг луғат бойлигини мунтазам ошириб бориш;
- давлат тилининг замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларига фаол интеграциялашувини таъминлаш,
бу борада сунъий интеллект имкониятларидан унумли фойдаланиш;
- давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини ошириш, хорижий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;
- мамлакатимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элатлар вакиллари ҳамда хориждаги ватандошларимизнинг давлат тилини ўрганиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш.
Шунингдек, Қарорда 2020-2030 йилларда ўзбек тилини ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш концепциясини 2025-2026 йилларда амалга ошириш дастури тасдиқланган.
2026 йил 1 январдан бошлаб республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмаларининг марказий аппаратларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимликларида бошқарув ходимларининг белгиланган умумий чекланган сони доирасида раҳбарнинг маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими жорий этилади.
Қарорда бир қатор давлат органлари, ташкилот ва идораларга аниқ вазифалар белгиланди.