eye
КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД КИРИТГАН ҚОНУН МАЪҚУЛЛАНДИ

2025 йил 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида Конституциявий суд томонидан киритилган “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди. 

Мазкур қонун лойиҳаси параламентга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган. Мазкур қонун фуқаролар, айниқса кам таъминланган шахслар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилинганда, уларга давлат ҳисобидан малакали юридик ёрдам кўрсатиш ҳуқуқини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашни назарда тутади. 

Қонун жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган малакали юридик ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.  Мазкур Қонунга асосан Конституциявий суд шикоят билан мурожаат қилган фуқаронинг илтимосига кўра, “Давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатадиган адвокатнинг иштирок этишини таъминлаш чораларини кўради. Кам таъминланган шахслар, агар улар муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида Конституциявий судга мурожаат этса, улар давлат ҳисобидан юридик ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Сенат томонидан маъқуллаган қонун Конституциянинг 55-моддасида белгиланган – ҳар ким ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонунда тақиқланмаган барча усуллар билан ҳимоя қилишга ҳақли деган норманинг ижро қилинишига хизмат қилади. Фуқароларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш юзасидан Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятининг кенгайишига замин яратади.  

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш