10 ноябрь куни Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси Президенти, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти, профессор доктор Накҳарин Мектрайрат бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди аъзолари билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов, раис ўринбосари А.Гафуров, судьялар К.Камилов, А.Рахманов, Девон ходимлари Ҳ.Абдурахманов ва Ш.Исакуловлар иштирок этди.
Делегация аъзолари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтиши муносабати билан ташриф буюрганлар.
Халқаро конференция доирасида Тайланд Қироллиги Конституциявий суди томонидан 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топширилиши кутилмоқда.
Учрашувда 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига Ўзбекистон Конституциявий суди раислик қилиши масаласи, бунда Раис барча халқаро тарбирларда ОКСА номидан чиқиш қилиши, шунингдек раислик қилиш давомида аъзо давлатлар иштирокида Конгресс ва Саммит ўтказилиши ҳақида муҳокама қилинди.
Ташкил этиладиган тадбирлар ОКСАнинг бугунги кунда аъзо бўлган 22 давлатлари ўртасида муҳокама қилинишига оид жараёнлар ҳақида фикрлар алмашилди. Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти, профессор доктор Накҳарин Мектрайрат: “Таиланд Қироллиги Конституциявий суди номидан, Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси раислигини Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига расман топшириш маросимида иштирок этиш мен учун шарафдир.
Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциацияси аъзолари ўртасидаги ҳамкорлигимиз мустаҳкам бўлишини, конституциявий одил судлов барча учун барқарор ва фаровон келажак йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишда давом этишини тилаб қоламан”, деб фикр билдирди.

Ўзбекистон Конституциявий суди раиси М.Абдусаломов Ассоциацияга раислик қилиш Ўзбекистон Конституциявий судига ўтиши мамлакатимиз учун шараф экани, бу конституциявий одил судловни янада ривожлантиришга хизмат қилиши, 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раислигида Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар Ассоциацияси тадбирларини юқори савияда ўтказиш, бунинг учун аъзо давлатлар билан самарали ишлашни ташкил этиши ҳақида фикрлар билдирди.

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди