12 ноябрь куни “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро конференция иштирокчилари уч минг йиллик тарихга эга Ўзбекистон дурдонаси бўлган Самарқанд шаҳрининг меъморий обидалари билан танишиш учун ташриф буюрдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганининг 30 йиллигига бағишланган тадбир иштирокчиларини вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов кутиб олди.
Меҳмонлар дастлаб янгидан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилдилар, сўнгра Амир Темур мақбарасида обиданинг бунёд этилиш тарихи, буюк жаҳонгир Амир Темур ва темурийларнинг давлатчилик анъаналари ҳақида маълумотга бўлишди.

Делегация аъзолари Регистон майдонида намойиш этилган миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан танишиб, мажмуада уста-ҳунармандлар билан суҳбатлашдилар. Шунингдек, Самарқанд туманидаги “Конигил” туризм қишлоғида қоғоз ишлаб чиқариш жараёни, Мирзо Улуғбек расадхонаси, унинг бунёд этилиш тарихи, экспонатлари билан танишдилар.

Делегация аъзолари Самарқанд жаҳоннинг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлиб, Рим, Афина сингари қадимий шаҳарларнинг тенгдоши экани, азалдан Самарқанд дунё тараққиётининг энг қадимги ва марказий шаҳарларидан бири бўлиб, жаҳон маданияти ва илм-фани хазинасига катта ҳисса қўшгани, ундаги аждодлар мероси, шарқона маданият, санъат ва меъморий обидалардан катта таассурот олганларини билдирдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди