Бугун, 14 ноябрь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетига Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти ҳамда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциацияси (ААCC) собиқ раиси Накхарин Мектраират бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари Асқар Ғафуров ҳамроҳлигида ташриф буюрди.

Учрашувни ЎзМУ ўқув ишлари бўйича проректори Шуҳрат Тошматов тегишли факультет деканлари ва бўлим бошлиқлари билан биргаликда олиб борди.

Иштирокчиларга университет фаолияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Ўзбекистон Миллий университети ўртасида имзоланган Ҳамкорлик Меморандуми доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди. Шунингдек, Таиланд Қироллиги Конституциявий судининг халқаро йўналишдаги ишлари ҳақида фикр алмашдилар.
Суҳбат давомида асосан ҳуқуқшунослик фанларига эътибор, ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш, халқаро ҳуқуқ бўйича фикр юритиш, ЎзМУ ва Таиланд олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, ҳуқуқшунослик йўналишидаги профессор-ўқитувчиларни келгусида стажировкаларга жалб этиш, академик мобиллик, қўшма лойиҳалар ва қўшма дастурлар бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Учрашув якунида Таиланднинг Тҳаммасат университети ректори томонидан илгари сурилган таклифга мувофиқ, келгусида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида икки томонлама мувофиқлаштирувчилар тайинланди ва ҳамкорликнинг кейинги босқичлари ҳақида келишиб олдилар.
Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди