eye
Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш – очиқлик ва шаффофлик таъминланишининг муҳим шарти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони “Ўзбекистон-2030” стратегияси мақсадларига мувофиқ, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини ишончли суд ҳимояси билан таъминлаш, Конституциянинг сўзсиз устуворлигини кафолатлаш, конституциявий одил судлов самарадорлигини ошириш, шунингдек жараённи босқичма-босқич рақамлаштириш орқали Конституциявий суд фаолиятида шаффофлик ва очиқлика эришишга қаратилган чора-тадбирлар мажмуини назарда тутади.

Замонавий ҳуқуқий давлатда суд ҳокимияти шаффофлиги ва суднинг фуқаролар учун очиқлиги ҳуқуқ устуворлиги муҳим кафолати ҳисобланади. Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологиялар жорий этилиши инсон ҳуқуқи ва эркинлиги муҳофазаси жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Шу нуқтаи назардан Конституциявий суд иши юритилишини тўлиқ рақамлаштиришга қаратилган юқоридаги фармон суд фаолиятида шаффофлик ҳамда конституциявий одил судловга эришиш даражасини янада яхшилаш, самарадорликни таъминлашга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланиши мазкур йўналишдаги ислоҳотлар ҳуқуқий механизмини белгилаб берди. Мазкур дастур Конституциявий суд фаолиятига рақамли технологияларни комплекс жорий этишни назарда тутиб, суд ишларини юритишнинг барча босқичларини қамраб олади.

Рақамлаштириш жараёнининг асосий мақсади Конституциявий суд фаолиятида шаффофликни оширишдан иборат, шунингдек фуқаролар ва юридик шахслар учун судга мурожаат қилиш тартибини соддалаштириш ҳамда суд ҳимоясининг самарадорлигини кучайтиришга қаратилган.

2026-2027 йилларга мўлжалланган рақамлаштириш дастури доирасида қуйидаги бир қатор муҳим йўналишлар белгиланди.

Биринчидан, суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида электрон тарзда хабардор қилиш тизими жорий этилади. Ушбу механизм суд жараёнида хабардорлик даражасини оширади, процессуал ҳуқуқни таъминлайди.

Иккинчидан, суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида, жумладан мобил илова орқали ўтказиш имкони яратилиб, хусусан, ҳудудий жиҳатдан узоқда жойлашган шахслар учун конституциявий одил судловга кириш имкониятини кенгайтиради.

Учинчидан, Конституциявий суд фаолияти тўғрисидаги ахборот очиқлигини таъминлаш мақсадида фуқаро ва юридик шахсларга интерфаол хизмат кўрсатувчи ахборот тизими яратилади.

Тўртинчидан, одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотни ваколатли давлат идоралари ва ташкилотларидан электрон шаклда олиш амалиёти жорий этилиши фуқаролар ва юридик шахсларни ортиқча ҳужжат тўплашдан, қоғозбозликдан озод қилади.

Бешинчидан, суд мажлисини аудиоёзув орқали қайд этиш ва суд мажлиси баённомасини автоматик шакллантириш жараён ишончлилиги ва холислигини таъминлайди.

Фармонга мувофиқ, Конституциявий суд ахборот тизимини давлат идоралари ва ташкилотлари ахборот тизимига улаш мақсадида алоҳида “Йўл харитаси” тасдиқланиб, интеграция орқали жисмоний ва юридик шахсларга тегишли мавжуд маълумотлар, шунингдек бошқа зарур ҳужжатлар Конституциявий суднинг электрон сўрови асосида бепул тақдим этилади.

2027 йилдан бошлаб Конституциявий суд фаолиятига “E-KSUD” ахборот тизимини синов тариқасида жорий этиш назарда тутилган. Бундай тизим Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш, фуқаролар ва юридик шахсларга интерфаол хизмат кўрсатиш орқали одил судловга эришиш, суд мажлиси жонли эфирга узатилишини жорий этиш ва шу билан бирга ногирон шахслар учун махсус шарт-шароит яратишга қаратилган.

«E-KSUD» ахборот тизими жорий этилиши ва давлат идоралари ахборот тизимига уланиш орқали мамлакатимизда конституциявий одил судловнинг замонавий, рақамли модели шакллантирилиши фуқаролар ва юридик шахслар судга мурожаат қилиши учун қулай шароит яратади.

Иш юритиш жараёни тўлиқ рақамлаштирилиши орқали фуқаролар Конституциявий судга мурожаат қилиш учун шахсан келиш, ортиқча ҳужжат тўплаш, узоқ вақт сарфлашга мажбур бўлмайди. Электрон мурожаат қилиш, онлайн кузатув ва видеоконференцалоқа орқали жараёнда иштирок этиш имкони яратилади. Суд мажлиси тўғридан-тўғри намойиш этилиши, аудиоёзувга олиниши ва электрон суд мажлиси баённомаси шакллантирилиши орқали суд қарори қандай қабул қилинаётгани очиқ кўринади. Энди фуқаролар ва юридик шахслар турли идоралардан маълумот олиб келиш учун овора бўлмайдилар, суднинг ўзи зарур маълумотни давлат электрон тарзда олади. Бу эса вақт ва маблағни тежайди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, соҳани янада такомиллаштириш, инсон ва фуқаронинг конституциявий ҳуқуқи ва эркинлиги муҳофазаси замонавий механизмини жорий этиш, шунингдек иш юритиш жараёнини босқичма-босқич рақамлаштириш Конституциявий суд фаолияти очиқлиги, шаффофлиги ва тезкорлиги таъминланиши, фуқаролар ва юридик шахслар конституциявий ҳуқуқи ва эркинлиги ишончли ҳимоя қилиниши ва пировардида одил судловга эришилишига хизмат қилади.

Ж.Балкибаева, К.Давлетова,

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди судьялари.

ЎзА

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш