Бугун Конституциявий судда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармони 4 ва 20-бандлари ижросини таъминлаш мақсадида Конституциявий суд ҳузурида ташкил этилган Экспертлар гуруҳининг мажлиси бўлиб ўтди. Экспертлар гуруҳи таркибига Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ вакиллари ва Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари киритилди.

Экспертлар гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ 253-сон Фармон талабларидан келиб чиқиб қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, хусусан лойиҳада фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституциявий судга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида фуқаролар ва юридик шахсларнинг шикоятларини қабул қилиш, кўриб чиқиш, конституциявий суд ишларини юритиш, хулоса ва қарорларни қабул қилиш каби процессуал масалаларни ўз ичига олган конституциявий суд ишларини юритишни тартибга солувчи нормаларни киритиш тўғрисида таклифларни ишлаб чиқиш белгиланди.

Фармонда белгиланган вазифаларни (https://lex.uz/docs/7926640) бажариш мақсадида фуқаролардан қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ўз таклиф ва тавсияларини Конституциявий суднинг расмий электрон манзили (info@ksu.uz)га юборишларини сўраймиз.