eye
Ўзбекистон Конституциявий судининг 2025 йил фаолияти сарҳисоб қилинди ҳамда 2026 йил режалари белгиланди

2026 йилнинг 22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025 йил давомидаги иш фаолияти, 2026 йилнинг биринчи ярмида амалга оширадиган иш режаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эмблемасини тасдиқлаш тўғрисида”ги масалалар кўриб чиқилди.  

2025 йил давомида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолияти асосан қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлар қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мослигини ўрганиш ва таҳлил қилишга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мослигини ўрганиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда иш режасида белгиланган ташкилий-маърифий тадбирларни бажаришга қаратилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси”да ҳамда
2025 йил 30-январдаги ПФ 16-сонли Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш Конституциявий суд фаолиятида устуворлик касб этди. Шунингдек, ушбу ҳужжатлар асосида Конституциявий суднинг иш режаси ишлаб чиқилиб, унда тегишли бандлар ижроси, уларни амалга ошириш шакли, ижро муддати, ижро учун масъул шахслар белгилаб олинди.

2025 йилда Конституциявий суднинг фаолиятига оид масалалар юзасидан 9 та мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисларда 20 тадан зиёд масала кўриб чиқилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-253-сонли Фармони мамлакатимизда конституциявий назорат институтини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим стратегик ҳужжат ҳисобланади. Ушбу Фармон “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор мақсадлардан келиб чиқиб, Конституциявий суднинг давлат ва жамият ҳаётидаги ролини кучайтириш, унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги таъсирчанлигини ошириш ҳамда конституциявий одил судловга эришиш кафолатларини кенгайтиришга хизмат қилади. 

2025 йилда Конституциявий суд судьялари ва экспертлари томонидан қонунларнинг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукуматнинг ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг Конституцияга мувофиқлиги тизимли равишда ўрганилиб, таҳлил қилиб борилди.

2025 йил давомида Конституциявий суд томонидан жами 476 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мослиги ўрганиб чиқилди. Шундан, 81 қонун (5 таси Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномалари), Ўзбекистон Республикаси Президентининг 83 та фармони, 124 та қарори, 40 та фармойиши, Қорақалпоғистон Республикасининг 9 та қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 139 та қарори ташкил этади.

2025 йилда Конституциявий суд мажлисида 4 та иш кўрилган бўлиб, улар юзасидан 3 та қарор ва 1 та ажрим қабул қилинди. Хусусан, 2025 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги Қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмининг Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасига оид нормаларига шарҳ бериш ҳақидаги иш очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

2025 йил 14 июль куни “Кам таъминланган шахсларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритиш масаласи суд мажлисида кўриб чиқилди.

2025 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги ахборотини тасдиқлаш масаласи очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2024 йилда “Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахбороти”да илгари сурилган таклиф ва ташаббусларнинг ижросини таъминлашда давлат ҳокимияти органлари, вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди.

Шунингдек Конституциявий суднинг 2025 йилда “Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахбороти”да амалга оширилиши лозим бўлган 24 та таклиф ва тавсиялар берилди.

2025 йилда Конституциявий судга таклиф бериш ва келишиш учун юборилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан, хусусан  “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини янада кенгроқ жорий этиш ва суд соҳасида рақамлаштириш ишларини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Давлат тилини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори лойиҳалари, “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача бўлган Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент Фармони, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилишнинг замонавий механизмларини жорий этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасидаги судьялар ҳамжамияти органлари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасида судлар фаолиятини молиялаштириш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар тайёрланди ва тегишли ташкилотларга юборилди.

 2025 йил давомида Конституциявий судга жами 1844 та  мурожаат келиб тушган (238 таси такрорий, 276 таси дубликат мурожаатлар). Шундан, 446 таси Конституциявий судга бевосита юборилган. Мурожаатларнинг 1398 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси (www.murojaat.gov.uz) орқали келиб тушган. Мурожаатларнинг 1747 таси жисмоний шахслар, 97 таси юридик шахслар томонидан юборилган. 

Мурожаатларнинг 262 таси - 14,2% (59 таси шарҳ, 159 таси ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш, 44 тасида эса тушунтириш сўралган) бевосита Конституциявий суднинг ваколатига тегишли масалаларга оид бўлиб, улар Конституциявий суд судьялари томонидан ўрганиб чиқилиб, муаллифларга асослантирилган тушунтиришлар берилган.

Мурожаатларнинг таҳлиллари шуни кўрсатдики, 825 та мурожаат умумюрисдикция судларининг қарори ва терговга оид, 48 – мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатларига, 40 – уй-жойга, 33 – ишга ва ўқишга тиклашга, 10 – пенсия таъминотига, 19 – мурожаат фуқароликка, 607 таси эса бошқа (кредит олиш, моддий ёрдам бериш, йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жарималардан озод қилиш, иш ҳақини ундириб бериш каби) масалаларга тааллуқлидир.

Мурожаатларнинг ҳудудлар бўйича таҳлили шуни кўрсатдики, Тошкент шаҳридан 297 та, Қашқадарё вилоятидан 227 та, Хоразм – 201 та, Сурхондарё – 163 та, Наманган – 153 та, Самарқанд – 143 та,
Тошкент – 114 та, Фарғона – 114 та, Андижон – 95 та, Жиззах – 86 та, Қорақалпоғистон Республикасидан 68 та, Навоий – 61 та, Бухоро – 59 та, Сирдарё – 55 та ва электрон почта орқали 8 та мурожаат келиб тушган.

2025 йилда Конституциявий судда 122 нафар фуқаро ва юридик шахсларнинг вакиллари судьялар ва экспертлар томонидан қабул қилинди, уларнинг мурожаатлари юзасидан тегишли тушунтиришлар берилди.

Конституциявий судда “Фуқароларнинг онлайн қабули” телеграмм мессенжери орқали 40 га яқин фуқароларни мурожаатлари юзасидан тушунтиришлар берилди. 

Конституциявий суднинг ахборот сиёсати йўналишида аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда фаолиятига оид маълумот, ахборотларни кенг аудиторияга тақдим этиш бўйича тушунтириш-тарғибот ишлари мунтазам олиб борилди. 2025 йил давомида оммавий ахборот воситаларида (бундан буён матнда ОАВ деб юритилади) судьялар ва ходимлар томонидан жами 296 та чиқишлар қилинди. Шундан газета ва журналларда мақолалар – 106 та, телевидение, радиода интервьюлар – 71 та, веб-сайт ва ижтимоий тармоқларда чиқишлар 119 тани ташкил қилади.    

Ҳуқуқий тарғибот тадбирларида Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси мазмун-моҳияти, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий қонун ва Конституциявий суд фаолияти, конституциявий назорат ва конституциявий шикоят институтини қўллашга оид тушунтиришлар берилган. 

Хусусан, 2025 йил 31 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси ва унда кўрилган Ўзбекистон Республикасининг “Давлат божи тўғрисида”ги қонуни 8, 9, 10-моддалари иккинчи қисмларининг Савдо-саноат палатасига оид нормаларига  шарҳ бериш тўғрисидаги масала “Халқ сўзи” газетаси, Ўзбекистон Республикаси қонунчилик маълумотлари миллий базаси ва Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинди.

2025 йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳуқуқни муҳофаза қилиш Академияси талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув тафсилотлари Конституциявий суд ва Академия веб-сайтида ёритилди.

2025 йилнинг 7 март куни Конституциявий судда Халқаро хотин-қизлар байрами муносабати билан байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда Конституциявий судда бугунги кунда фаолият юритаётган 10 нафар хотин-қизларни байрам билан қизғин қутлаб, улар фаолиятни тизимли йўлга қўйиш ва такомиллаштиришда ҳисса қўшаётганлари, хотин-қизлар самарали фаолият юритишлари учун учун зарур шароитларни яратиш устувор йўналиш сифатида намоён бўлиши таъкидланди ҳамда тадбир веб-сайтда ёритилди.   

2 апрель куни Конституциявий суд ва Тошкент Давлат юридик университети ўртасидада имзоланган ҳамкорлик Меморандуми доирасида катта экспертлар К.Хамидова ва Ш.Мажидов томонидан талабаларга “Конституциявий суд мақоми ва ваколатлари” мавзусида мастер-класс ўтилди. 

17-18 апрель кунлари Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти билан ҳамкорликда “Вакиллик ҳокимияти органлари тизимини модернизация қилишнинг конституциявий-ҳуқуқий муаммолари: Ўзбекистон учун халқаро тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди. Тадбир мазмун-моҳияти ТВ, радио, матбуот ва интернет нашрларда кенг ёритилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан 2025 йил 28 апрель куни Фарғона давлат университетида “Конституция ва ёшлар” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Конституциявий суд судьяси К.Камилов янги таҳрирдаги Конституциясининг яратилиш тарихи, ундаги янги нормалар, Конституциявий суд фаолияти, ваколатлари ҳақида маъруза қилди.

29 апрель куни Конституциявий суд вакиллари Фарғона вилояти судларида бўлиб, вилоят умумюрисдикция судлари ҳамда маъмурий суди судьялари иштирокида “Айрим ишлар кўрилишида Конституция нормаларини қўллаш масалалари ва судлар томонидан Конституциявий судга мурожаат қилиш тартиби” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда вилоятдаги барча туман ва шаҳар судьялари иштирок этди. Учрашувда суд ишларини кўришда конституциявий нормаларни қўллаш тартиби ва бу борадаги хорижий амалиёт тўғрисида фикр алмашинди, одил судловни амалга оширишда янги таҳридаги Конституция нормаларини тўғридан тўғри қўллаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Фарғона вилоятида ташкил этилган тадбирлар  ҳақида “Fargona MTRK” вилоят ТВ, Конституциявий суд ва Университет веб-сайтларида ёритилди.

2025 йилнинг 1 май куни Конституциявий судда Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури асосида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёти ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси тингловчилари билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашув ҳақида Конституциявий суд ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази веб-сайтларида ёритилди.

2025 йилнинг 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Судьялар олий кенгаши билан ҳамкорликда Тошкент шаҳридаги 70-умумтаълим мактабида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, суд фахрийси Б.Мирбабаев меҳнат фаолияти ва босиб ўтган умр йўлига бағишланган “Ибрат мактаби” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Унда Конституциявий суд судьялари ва ходимлари, Судьялар олий кенгаши судьялари ҳамда мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди. Тадбир “Ёшлар” телеканали ҳамда Конституциявий суд ва Судьялар олий кенгаши веб-сайтларида ёритилди. 

2025 йилнинг 27 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Тashkent International University юриспруденция йўналиши талабалари билан учрашув бўлиб ўтди. Конституциявий суд судьялари Конституциявий суд судьясининг мақоми ва ваколатлари, Конституциявий суднинг бошқа давлат органлари билан ўзаро алоқалари ҳамда Конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принциплари ва мурожаатларни кўриб чиқиш тартиби ҳақида батафсил гапириб бердилар. Учрашув тафсилотлари Конституциявий суд веб-сайтида  ёритилди.    

2025 йилнинг 26 июнь куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги биносида 27 июнь - Оммавий ахборот воситалари ходимлари куни байрами муносабати билан ташкил этилган тадбир доирасида  Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ҳамда Ўзбекистон Миллий Медиа бирлашмаси ўртасида Ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.  

2025 йил 8 сентябрда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суди, Судьялар олий кенгаши раислари, Ўзбекистон Республикаси Миллий телерадиокомпания ҳамда Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги ўртасида “Ўзбекистон суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни кенг ёритиш, уларнинг мазмун-моҳияти билан жамоатчиликни яқиндан таништириб боришга қаратилган идоралараро Медиа-режа” тасдиқланди. Медиа-режа 2025-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.      

2025 йил 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида  халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция доирасида 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топширилди. Шу муносабат билан Ассоциациянинг рамзий байроғи Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига топшириш маросими ТВ, радио, матбуот ва интернет тармоқларида кенг ёритилди. 

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори билан ҳамкорликда 2025 йил 18-20 ноябрь кунлари  “Европа стандартлари ва қонунчиликни конституциявий назорат қилиш моделлари” мавзусида тренинг ташкил этилди. Тадбир тафсилотлари “Ўзбекистон 24” телеканали ахборот кўрсатувида ҳамда Конституциявий суд ва ЕХҲТ веб-сайтларида ёритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 ноябрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ф-60-сон Фармойишига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўттиз уч йиллигини муносиб даражада нишонлаш, Асосий қонунда белгиланган халқ ҳокимиятчилиги, инсон қадри, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик каби эзгу ғоялар атрофида фуқароларни жипслаштириш, “Конституция – инсон қадри, эркинлик, тенглик ва адолат гарови!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди. 

 “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ф-60-сон Фармойиши ижросини самарали таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раисининг 2025 йил 24 ноябрдаги 68-сон Фармойиши асосидаги Дастурнинг 9, 13, 15, 37, 38 ва 50-бандлари ижросини самарали ташкил этиш ва муддатида ижро қилиш мақсадида Ишчи гуруҳ тузилди ҳамда Чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.  

Конституция нормалари асосида ҳамда Президент Фармойишининг тегишли бандлари мазмуни ва йўналишларидан келиб чиқиб, Дастурнинг 13 ва 15-бандлари ижроси юзасидан бир қатор ташкилий-ҳуқуқий ва амалий чора-тадбирлар амалга оширилди ҳамда Конституциявий суд судьялари ва Девон ходимлари телемулоқотларда, давра суҳбатлари ва учрашувларда иштирок этди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари, Конституциявий суд ва “ЎзАрхив” агентлиги ҳамкорликда “Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиши тарихига бағишланган архив ҳужжатларининг кўргазмаси” ташкил этилди.

Конституциявий суд судьялари ва Девон ходимларининг мақолалари  “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи” ва “Народное слово” газеталарида нашр этилди. Шунингдек, “Одил судлов Правосудие” ва “Жамият ва бошқарув” журналларида, “Доверие” газетасида, халқаро илмий-амалий конференция материаллари тўплами ҳамда Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг Uza.uz порталида чоп этилди.  

Конституция нормалари, суд-ҳуқуқ йўналишидаги ислоҳотлар ва Конституциявий суд фаолиятига оид мавзуларда “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон 24”, “Тошкент”, “Менинг юртим” телеканаллари ахборот ва махсус кўрсатувлар эфирга берилди. Хусусан, “Ўзбекистон 24” телеканали “Студия 24”, “Ортга қайтмас ислоҳотлар” кўрсатувлари, “Тошкент” телеканалида “Адолат қомуси” кўрсатуви ҳамда “Менинг юртим” телеканалида “Дийдор ширин” кўрсатувида янги таҳрирдаги Конституция нормалари мазмун-моҳияти Конституциявий суднинг фаолияти тўғрисидаги интервью, суҳбат ва махсус кўрсатувлар эфирга берилди.  

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамини муносиб ўтказиш мақсадида идора ва ташкилотлар ҳамда олий ўқув юртлари билан кенг ҳамкорлик қилинди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталари, “ЎзАрхив” агентлиги, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Адолат социал-демократик партияси” ва ЎзХДП фракциялари йиғилишида, Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) йиғилишида, Адлия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат сиёсати ва бошқаруви академияси, Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси,  Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ташаббуси билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети билан ҳамкорликда, “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ ташкил этилган тадбирларда судьялар маърузалар билан иштирок этдилар.  

Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, Тошкент амалий фанлар университети, “Ренессанс таълим” университетларида давра суҳбатларида судьялар ва Девон ходимлари Конституция мазмун-моҳиятини ёритишга қаратилган маърузалар билан иштирок этдилар. Бу учрашувлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.

Конституция кунини муносиб ўтказиш ва чора-тадбирларни белгилашга қаратилган Президент Фармойиши  асосида ишлар бутун республика миқёсида ташкил этилиши Конституцияни ўрганиш ва кенг тарғиб этишга имконият яратди, шунингдек Президент Фармойишининг оммавий ахборот воситалари йўналиши бўйича республика миқёсида аниқ, манзилли ва тизимли равишда иш ташкил этилишига асос бўлди.    

2025 йилнинг 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий  суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-253-сон Фармони қабул қилинди.

2025 йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида парламент қуйи палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди  ҳамкорлигида мазкур Фармон мазмун-моҳияти ва ундан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асослари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Давра суҳбати Оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилди.    

2025 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди мажлиси бўлиб ўтди. Унда 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисидаги  ахборотни кўриб чиқиш юзасидан қабул қилинган Қарор Конституциявий суд расмий веб-сайтида, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида ҳамда “Халқ сўзи” газетасида эълон қилинди. Шунингдек, барча ТВ ва радиолар ахборот кўрсатув, эшиттиришларида ҳамда “Ўзбекистон” каналида махсус кўрсатув тарзида эфирга берилди.   

2025 йил давомида Конституциявий суд фаолиятини ОАВда ёритиш ва аҳолига, кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида “Ўзбекистон 24” каналида “Ортга қайтмас ислоҳотлар” кўрсатувининг бир неча махсус кўрсатувлар (21 август, 2 октябрь, 4 декабрь, 24 декабрь сонлари) тайёрланган. Кўрсатувларда – Конституциявий суднинг фаолияти, фуқаролар ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган халқаро конференция, 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-253-сон Фармони қабул қилингани ҳақида батафсил маълумотлар берилди. 

2025 йил давомида Конституциявий суд фаолиятига оид маълумотлар ва янгиликлар Конституциявий суднинг www.konstsud.uz расмий сайтида мунтазам равишда эълон қилиб борилмоқда. Конституциявий судга ташриф буюрган  хориж делегациялари билан бўлиб ўтган учрашувлар мазмун-моҳияти, шунингдек Ўзбекистон Конституциявий суди делегацияларининг хорижда халқаро анжуманлардаги иштироки ташкилот веб-сайтида маълумотлар ёритиб борилди.   

Конституциявий суд судьялари ва девон ходимлари турли малака комиссиялари ва илмий кенгашларда фаол иштирок этиб келишмоқда.

2025 йил давомида Конституциявий суд томонидан Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар ваколатхоналари билан 20 та, хориждаги халқаро ташкилотлар ва суд органлари билан 32 тадан ортиқ ёзишмалар амалга оширилган.

2025 йилда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди томонидан 1 та халқаро илмий-амалий конференцияни, 1 та халқаро конференцияни, 1 та семинар-тренингни ташкил қилинди. Шунингдек, Конституциявий суд судьялари ва девон ходимлари мамлакатимизда ўтказилган 20дан ортиқ халқаро конференция ва семинар-тренингларда фаол иштирок этди. Конституциявий судда 7 та хорижий давлатлар делегациялари қабул қилинди.

2025 йил якунлари сарҳисоб қилинган ҳолда, 2026 йилда амалга ошириладиган ишлар режалари қилинди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида Конституциявий судга берилган ваколатлар,  доирасида,  келиб чиқадиган вазифалар, хусусан 2025 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-253-сонли “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон ижросини самарали таъминлаш бўйича амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди, тегишли чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025 йил 19 декабрдаги 4-сонли Қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сонли Фармони ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар Дастури”га асосан 2026 йилда:

- Фармоннинг 4 ҳамда 20-банди ижросини таъминлаш мақсадида конституциявий суд ишларини юритишни тартибга солувчи конституциявий қонун ва мазкур Фармон талабларидан келиб чиқадиган қонунчиликка ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

- Фармон мазмун-моҳиятини ОАВда кенг ёритиш ва тушунтириш-тарғибот ишларини ташкил этиш;

- Конституциявий суд фаолиятига «Е-КSUD» ахборот тизимини жорий этиш.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг 2025-2027 йилларда Осиё Конституциявий судлари ва эквивалент институтлари ассоциациясига раислик вазифасини амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш лозим. 

2025 йил 11 ноябрь куни “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзусида  халқаро конференция доирасида Ўзбекистон Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллиги муносабати билан фахрий судьяларга, фаол ҳамкор ташкилотлар ва олимларга Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг эсдалик нишонлари топширилган эди. Конституциявий суд судья ва Девон ходимларининг бир гуруҳи юбилей сана ҳамда йил якунларидан келиб чиқиб “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди 30 йил” эсдалик нишони билан тақдирландилар.  

 Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш