Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025-йил 26-ноябрдаги ПФ–232-сон Фармонида юридик таълим жараёнларини амалиёт билан узвий боғлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент давлат юридик университети Суд ҳокимияти, адвокатура ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар шуъбаси томонидан ўтиладиган “Суд ҳокимияти” модули доирасида “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди” мавзусида маҳорат дарси ташкил этилди.
Машғулотни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судяси Абдуманноб Рахимов олиб борди.

Маҳорат дарси давомида А.Рахимов томонидан Конституциявий суднинг фаолияти, унинг суд тизимидаги ўрни, конституциявий назоратни амалга ошириш механизмлари ҳамда амалий тажриба ҳақида маълумот берилди.
Очиқ мулоқот ва савол-жавоб асосида ўтказилган дарсда талабалар амалиётчи мутахассисдан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.