eye
Ҳамкорлик Меморандуми ижроси амалда

     2026 йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Тошкент давлат юридик университети талабалари билан учрашув ташкил этилди.

   Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва Девон ходимлари, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этдилар.

    Учрашувни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари, юридик фанлар доктори А.Ғафуров кириш сўзи билан очиб, Конституциявий суднинг давлат ва жамиятдаги ўрни ва роли, давлат раҳбарининг 2025 йил 18 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-253-сонли Фармонининг аҳамияти ва унда белгиланган вазифаларнинг долзарблиги ҳақида фикр билдирди.

     Конституциявий суд судьяси, юридик фанлар номзоди А.Раҳмонов Конституциявий суд ваколатлари, Конституциявий суднинг фаолият тартиби, Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ҳақида маълумот бериб ўтди.

     Учрашувда Конституциявий суд Девони раҳбари, юридик фанлар доктори Н.Саид-Газиева иштирок этди, талабалар Конституциявий суд фаолияти юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олдилар.  

    Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ва Тошкент давлат юридик университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланган бўлиб, Меморандум доирасида университет талабалари ва ўқитувчилари Конституциявий суд амалиёти билан танишиш, конституциявий одил судловга оид тадқиқотлар олиб бориш, Конституциявий суд фаолияти ва долзарб мавзулар бўйича илмий изланишлар олиб бориш белгиланган.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш