eye
Конституциявий суд делегацияси “Конституциявий одил судловнинг XXI асрдаги истиқболлари” мавзусидаги халқаро симпозиумда иштирок этди

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди делегацияси 2025 йил 24 – 27 апрель кунлари Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Конституциявий суди ташкил этилганлигининг 63 йиллиги муносабати билан ўтказилган “Конституциявий одил судловнинг XXI асрдаги истиқболлари” мавзусидаги халқаро симпозиум ишида иштирок этди.  

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси А.Рахмонов Туркия Республикаси халқи ва Конституциявий суд аъзоларини ушбу тарихий сана муносабати билан қутлади. Анжуман иштирокчиларига Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар асосида янги таҳрирдаги Конституция қабул қилингани, унга киритилган янги нормалар ҳақида маълумотлар берди. Хусусан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларига оид қонун ҳужжатларининг такомиллаштирилиши, конституциявий шикоят институтини амалиётга жорий этилиши билан боғлиқ масалалар халқаро симпозиум иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. 

Анжуманда дунё мамлакатлари конституциявий судлари ўртасида мулоқотларни давоми эттириш, халқаро ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, Марказий Осиё ва Европа давлатлари конституциявий судлари ўртасида тажриба, ўзаро фикр алмашувларни кўпроқ ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. 

Симпозиум ишида конституциявий шикоят институти амалиётини  рақамлаштириш, конституциявий одил судлов тизимига сунъий интеллектни жорий этиш каби масалалар ўртага ташланди. Фуқароларнинг конституциявий одил судлов органларига мурожаат қилишлари учун ҳуқуқий билимларини ошириш устида ишлаш ва бунинг барча зарурий чора-тадбирларини кўриш зарурлигига эътибор қаратилди. 

Анжуман доирасида 2025 йил 27 апрель куни Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғистон ва Ўзбекистон давлатлари конституциявий одил судлов органларининг вакиллари иштирокида Туркий дунё констуциявий юрисдикциялари конференцияси (TURK-AY)нинг навбатдаги анжуманида бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьяси Акмал Рахманов иштирок этди. Анжуманда Туркий дунё мамлакатлари ўртасидаги ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига эътибор қаратилди.

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш