eye
Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури тингловчилари билан учрашув

2025 йилнинг 1 май куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПҚ-46-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури асосида ташкил этилган “Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилишнинг халқаро стандартлари: амалиёти ва ҳисобот” мавзусидаги ўқув курси тингловчилари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси ўринбосари А.Гафуров, судья А.Рахимов, катта эксперт К.Хамидова ҳамда ўқув курси тингловчилари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази ходимлари иштирок этди. 

Конституциявий суд раиси ўринбосари А.Гафуров тингловчиларга Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Конституциявий суднинг ваколатлари, конституциявий одил судловни амалга ошириш жараёнлари, конституциявий шикоят институти, Конституциявий судга масала киритиш ҳуқуқига эга бўлган суъектлар, умумий юрисдикция судларида ва Конституциявий судда судлов ишларини юритишнинг фарқли жиҳатларини гапириб берди.  

Учрашув самимий мулоқот шаклида ўтди. Асосий қонун давлат органларининг фаолиятини демократлаштиришга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилган янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитлар яратгани қайд этилди. Шунингдек, амалиётда Конституцияни тўғридан-тўғри қўллаш юзасидан тавсиялар ва тушунтиришлар берилди. 

 

Ўзбекистон Республикаси

Конституциявий суди

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш