Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ташкил топганлигининг 30 йиллигига бағишланган “Конституциявий ислоҳотлар ва конституциявий назорат институтини ривожлантиришнинг долзарб масалалари” мавзуcида халқаро конференция бўлиб ўтиши муносабати билан Ўзбекистонга хорижий давлатлар конституциявий судлари делегациялари Тошкент шаҳрига ташриф буюрмоқдалар.
2025 йил 10 ноябрь куни Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси Президенти, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти, профессор доктор Накҳарин Мектрайрат бошчилигидаги делегация ва Индонезия Республикаси Конституциявий судининг Бош котиби Херу Сетиаван бошчилигидаги делегация аъзолари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси бошчилигида судьялар ва Девон ходимлари Ислом цивилизация маркази билан танишдилар.


Меҳмонлар марказнинг барча экспозиция — Қуръони карим зали, Исломдан аввалги давр, Биринчи Ренессанс, Иккинчи Ренессанс даврлари ҳамда Янги Ўзбекистон — Янги Ренессанс пойдевори бўлимлари билан батафсил танишдилар. Улар марказнинг илмий, маданий ва маънавий жиҳатларига, намойиш этилган ноёб қўлёзмалар, тарихий артефактлар ва замонавий рақамли экспозицияларга юқори баҳо бердилар.


Хусусан, Таиланд Қироллиги Конституциявий суди Президенти, профессор доктор Накҳарин Мектрайрат ўз фикрини билдирди: “Ислом цивилизация маркази билан танишар эканман, Ўзбекистон нафақат кўп йиллик буюк тарихга эга мамлакат эканлигини, балки илм-фан, маданият ва ислом дини марказларидан бири бўлганига ҳам гувоҳ бўлдик. Ислом цивилизацияси маркази нафақат Ўзбекистон, балки бутун мусулмон олами учун фахрли илмий-маърифий маскан сифатида барпо этилибди, бунинг учун Ўзбекистон халқини табриклайман!”.

Халқаро конференция доирасида 2026-2027 йилларда Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциациясига раислик қилиш Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига ўтиши кутилмоқда. Осиё конституциявий судлари ва эквивалент институтлар ассоциацияси аъзо давлатлари делегациялари келиши давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси
Конституциявий суди