eye
Конституциявий суд фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирларига бағишланган Президент Фармони мазмунини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди

    Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг ташаббуси билан жорий йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармоннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган давра суҳбати бўлиб ўтди.  

    Мазкур тадбир Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ва изчил конституциявий ислоҳотларнинг моҳиятини очиб бериш, давлат сиёсатининг устувор йўналишларини жамоатчиликка атрофлича ва тизимли тарзда тушунтиришга хизмат қилди.

    Мазкур тадбирнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган ПФ–253-сон Фармон орқали мамлакатимизда конституциявий адолатни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳамда барқарор ҳимоя қилиш, шунингдек, Конституциявий суднинг институционал салоҳияти, нуфузи ва таъсирчанлигини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга қаратилган давлат сиёсатининг стратегик моҳиятини кенг жамоатчиликка изчил, асосли, очиқлик ва шаффофлик тамойилларига таянган ҳолда, жамоатчилик билан очиқ мулоқот руҳида тушунтиришдан иборат бўлди.

    Тадбир давомида ушбу Фармон Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур, изчил ва тизимли конституциявий ислоҳотларнинг мантиқий давоми, давлат раҳбарининг инсон қадрини улуғлаш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва адолатни давлат сиёсати даражасига кўтаришга қаратилган қатъий сиёсий иродасининг амалий ифодаси экани алоҳида таъкидланди. Қайд этилганидек, мазкур Фармон давлат бошқаруви тизимида конституциявий қонунийликни таъминлашнинг янги институционал моделини шакллантиришга хизмат қилади.

   Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари томонидан ПФ–253-сон Фармонда белгиланган вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Адлия вазирлиги, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ҳамда бошқа масъул вазирлик ва идоралар билан тизимли, мувофиқлаштирилган ва институционал шерикликка асосланган ҳамкорликни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳамкорлик давлат органлари ўртасида ўзаро масъулият, мувофиқлашув ва натижага йўналтирилган фаолиятни таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

    Айниқса, конституциявий қонунийликни таъминлаш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида аниқланаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш, Конституциявий суд қарорлари ва хулосаларининг тўлиқ, ўз вақтида ва самарали ижросини таъминлаш борасида мазкур идоралар ўртасидаги амалий шериклик, институционал ҳамжиҳатлик ва мувофиқлашган фаолиятнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг масъул ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари ва девон ходимлари, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлиги, Одил судлов академияси профессор-ўқитувчилари ва тингловчилари, Конституциявий суд ҳузуридаги Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

    Қайд этилганидек, ПФ–253-сон Фармон Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур конституциявий трансформация жараёнларининг мантиқий давоми бўлиб, у Конституциявий суд фаолиятини мазмунан янгилаш, унинг давлат ҳокимияти тизимидаги ўрни ва таъсирчанлигини институционал даражада мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсий-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.

    Тадбир иштирокчилари томонидан таъкидланганидек, Президент Фармони орқали Конституциявий суд фаолияти фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни баҳолаш билан чекланиб қолмасдан, инсон ҳуқуқларини тиклашга реал таъсир кўрсатувчи, проактив ва самарали ҳуқуқий механизм сифатида қайта шакллантирилмоқда. Бу эса Конституцияни жонли, ишлайдиган ва фуқаро манфаатларига хизмат қиладиган Асосий қонун сифатида ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилмоқда.

    Фармонда белгиланган устувор вазифаларнинг марказида фуқароларнинг конституциявий одил судловга етиб бориш имкониятларини кенгайтириш, адолатга кириш имкониятини ошириш масаласи туради. Хусусан, конституциявий шикоят институтини амалда тўлақонли ишлатиш, Конституцияга зид деб топилган қонун қўлланган суд ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш механизмларини жорий этиш орқали инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатлари янги мазмун билан бойитилди.    

    Алоҳида таъкидланган жиҳатлардан бири — Конституциявий суд қарорлари ва хулосаларининг таъсирчанлигини оширишдир. Энди мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги Ахборот парламент даражасида муҳокама қилиниб, унинг асосида аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланади ва ижроси устидан самарали парламент назорати ўрнатилади. Бу эса Конституциявий суд хулосаларининг давлат сиёсати даражасига кўтарилишини таъминлайди.

     Шунингдек, ПФ–253-сон Фармонда Конституциявий суд фаолиятига замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, рақамли суд экотизими, шаффоф ва очиқ маълумотлар асосида иш юритиш масалаларига алоҳида урғу берилди. Суд ишларини юритиш жараёнларини рақамлаштириш орқали очиқлик, шаффофлик, тезкорлик ва ҳисобдорлик таъминланиб, фуқаролар учун адолатга етиб бориш имкониятлари сезиларли даражада кенгаймоқда. Бу эса суд ҳокимиятига бўлган жамоатчилик ишончини янада мустаҳкамлайди.

  Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармон мамлакатимизда қонун устуворлиги, адолат, инсон қадри тамойилларини таъминлашга қаратилган давлат сиёсатининг муҳим таркибий қисми бўлиб, унинг изчил ва самарали ижроси Янги Ўзбекистонда конституциявий адолатнинг мутлақо янги босқичини белгилаб беради.

 

Хатолик ҳақида маъмуриятга хабар бериш