2025 йил 30 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Олий Мажлис палаталари, Ҳукумат, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Омбудсман ва Болалар омбудсмани, Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, таълим ва илмий ташкилотлар вакиллари ҳамда Конституциявий суд Илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари қатнашдилар.
Мажлисда Конституциявий суднинг 2025 йилда мамлакатдаги конституциявий қонунийлик ҳолати тўғрисидаги ахбороти кўриб чиқилди.

Бош қомусимиздаги норма ва принципларни ҳаётга татбиқ этиш, шу жумладан, жамият ва давлатни Конституцияга мувофиқ, ҳуқуқий модернизация қилиш, мамлакатда конституциявий қонунийликни янада мустаҳкамлаш бўйича ишлар 2025 йилда ҳам фаол давом эттирилди.
Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича 20 та йўналишда олиб борилган ислоҳотларга алоҳида тўхталиб ўтилди, хусусан:
– суд органлари фаолияти янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйилди, тергов судьялари фаолияти қонуний асослари яратилди, вакиллик органларининг мақоми мустаҳкамланди, фуқаролик жамияти институтлари учун шарт-шароитлар яхшиланди;
– фуқароларнинг Ўзбекистон бўйлаб эркин ҳаракатланишга, таълим олишга, меҳнат қилишга бўлган конституциявий ҳуқуқлари таъминланди, давлат хизматига киришда тенг ҳуқуқлилик ҳақидаги нормани самарали амалга оширишга қаратилган замонавий стандартлар жорий этилди;
– айрим маъмурий жазо чоралари қайта кўриб чиқилди, баъзи ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий жавобгарлик бекор қилинди, маъмурий иш юритуви амалиётига хусусий айблов институти жорий этилди, гумон қилинувчи ва айбланувчи тергов ҳибсхонасига жойлаштирилишидан олдин уларни мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби жорий этилди;
– дунёвий давлат конституциявий принципини рўёбга чиқариш ва виждон эркинлиги кафолатларини таъминлаш чоралари кўрилди, Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепцияси тасдиқланиб, унда белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш бўйича парламент комиссияси тузилди;
– уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид чора-тадбирлар белгиланди, бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастури қабул қилинди;
– бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлашга қаратилган тартиб-таомиллар жорий этилди;
– “яшил иқтисодиёт” тамойилларини кенг жорий қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, метан эмиссиясини қисқартириш, “Яшил бино” сертификати, “яшил” давлат харидлари, компенсация сифатида экилган дарахт ва бута кўчатлари ҳисобини юритиш тизими ҳамда “яшил тадбиркор” мақоми жорий қилинди;
– меҳнатга лаёқатсиз ва ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларининг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, ёшларнинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши, таълим олишга, ишга жойлашишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Конституциявий суд томонидан 2025 йилда конституциявий назорат тартибида 81 та қонун ва 386 та бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Конституцияга мувофиқлиги ўрганилган.

Шу билан бирга Конституциявий суд ахборотида Асосий Қонунимизни амалга ошириш бўйича бир қатор таклифлар ҳам илгари сурилди:

биринчидан, мажбуриятлар ихтиёрий бажарилишини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш, фуқароларга берилаётган имтиёзларни босқичма-босқич проактив кўрсатишга ўтиш, тижорат банклари томонидан банк хизматларини кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларига тўлиқ риоя этиш ва молиявий очиқликни кенгайтириш;
иккинчидан, коррупцияга қарши курашиш йўналишида давлат органлари томонидан хизмат кўрсатиш ва аҳоли билан мулоқотни бошқа шаклларини тартибга солувчи барча ҳужжатларни ва жараёнларни коррупция ва бюрократияга қарши стандартларга мувофиқлиги нуқтаи назардан баҳолашдан ўтказиш;

учинчидан, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунларни қабул қилиш амалиётини жадаллаштириш мақсадида бундай қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва баҳолаш методикасини, шунингдек, ҳар йили муайян соҳа ва тармоқлардаги қонунларни қайта кўриб чиқиш, тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;
тўртинчидан, инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалари мавжуд бўлган қонун ва қонуности ҳужжатлар бўйича жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш мақсадида лойиҳа Адлия вазирлигидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш вақтида унда инсон ҳуқуқларини чекловчи нормалар мавжудлиги ҳақида вазирлик хулосасида алоҳида кўрсатиб ўтиш;
бешинчидан, Конституцияни ўқиб-ўрганиш бўйича Миллий фаолият дастури ижросини таҳлил қилиш ва уни бугунги кун талаблари асосида такомиллаштиришга, янги конституциявий принцип ва институтларни ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини ёритиб беришга қаратилган мақсадли илмий тадқиқот ишларини ташкил этиш;
олтинчидан, Конституция талабларидан келиб чиқиб, барча мажбурий тўловларни ўзида жамлаган ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни жадаллаштириш;
еттинчидан, тизимлашган ҳужжатларни ишлаб чиқиш бўйича бошланган ташаббусларни жадаллаштириш, хусусан, Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодекси лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишларни якунлаш ва лойиҳани ҳуқуқий таъсир чораларининг мутаносиблиги ва етарлилиги конституциявий принциплари асосида қайта кўриб чиқиш, бунда оширилган жарима миқдори белгиланиши мумкин бўлган баъзи ҳуқуқбузарликларни аниқлашнинг аниқ мезонлари ва талабларини ишлаб чиқиш;
саккизинчидан, Конституцияга мувофиқ давлат ўз зиммасига олган ижтимоий ва бошқа мажбуриятлар бажарилиши ҳолати устидан парламент назоратини ўрнатиш, ушбу мажбуриятлар бўйича масъул вазирлик ва идоралар томонидан кўрилаётган чораларни мунтазам равишда қўмита йиғилишларида муҳокама қилиб бориш;
тўққизинчидан, айбланувчи, гумон қилинувчи ва ҳимоячи жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги қарор билан танишиш ва ундан нусха олиш ҳуқуқини ҳам алоҳида белгилаш ҳамда ўз ҳисобидан нусха олиш учун зарур шароит яратиб бериш;
ўнинчидан, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган вояга етмаганларнинг узлуксиз умумий ўрта таълим олишини таъминлаш, бу борада уларга суд-тергов жараёнлари сабабли таълимдан узилиб қолиши натижасида қолдирилган дарс соатларини ўзлаштириш ва имтиҳон орқали қоплаш имконини яратиш;
ўн биринчидан, мутаносиблик конституциявий принципидан келиб чиқиб, маъмурий қамоқ жазосини қўллашнинг адолат ва инсонпарварлик тамойилларига мувофиқ бўлган аниқ мезонларини ишлаб чиқиш ҳамда биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий қамоқнинг энг кўп муддатини қўллашни чеклаш;
ўн иккинчидан, сунъий интеллектга асосланган рақамли технологияларнинг мазмун-моҳиятини, уларнинг давлат ҳамда жамият ҳаётига таъсирини пухта ўрганиш ҳамда бундай технологияларни жорий этиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларни ҳуқуқий тартибга солувчи қонун ҳужжатини ишлаб чиқиш;
ўн учинчидан, шахсий ҳаётнинг дахлсизлигига бўлган конституциявий ҳуқуқ кафолатларини яратиш мақсадида барча давлат органлари фаолиятини шахсий ҳаёт дахлсизлиги нуқтаи назаридан аудитдан (“privacy audit”) ўтказиш;

Конституциявий суд муҳокама қилинган масалани ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олиб, мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборотни тасдиқлаш ҳамда уни Олий Мажлис палаталари ва Ўзбекистон Республикаси Президентига юбориш ҳақида қарор қабул қилди.